Жаҳон | 09:56 / 27.12.2023
4339
3 дақиқада ўқилади

Залужний: муайян миқдордаги аскарларни сафарбар қилиш талаби йўқ

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Украина президенти Володимир Зеленскийнинг 500 минггача украиналикни сафарбар этиш режалари ҳақидаги баёнотига изоҳ берди.

Фото: Ukrainian Presidential Press Service/REUTERS

Украина ҳарбий қўмондонлиги сафарбар қилинадиган аскарларнинг аниқ сони бўйича сўров юбормади. Бу сўзлар билан Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний 26 декабр, сешанба куни миллий телемарафон эфирида журналистларнинг Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги нима учун айнан 450-500 минг кишини сафарбар қилишни таклиф этгани ҳақидаги саволига жавоб берди.

Аввалроқ айнан шу кўрсаткични Украина президенти Володимир Зеленский ва Олий рададаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия келтирган эди. 

Қуролли кучлар Бош штабининг ресурслар бўйича сўрови 

«Ҳарбий қўмондонлик Украина расмийларига бирон бир рақам бўйича бирорта ҳам сўров билан чиқмади. Ҳарбий қўмондонлик давлатни ҳимоя қилиш функциясини бажаришда давом этмоқда ва шунга мос равишда ўз сўровларини шакллантирмоқда - ўқ-дорилар, қуроллар бўйича. Бу доимий асосда амалга оширилади, лекин вазирлар маҳкамаси ёки Олий радада бундай сўровлар алоҳида форматда юборилмайди», — дея Залужнийдан иқтибос келтиради «Украинска правда» онлайн-нашри. 

«Сафарбарлик қилиш зарурати бўйича бу кўрсаткичга келсак, биз уни келгуси йил учун шакллантирдик, бу, албатта, жорий қўшимчани қамраб олиш, янги ҳарбий қисмларни тузиш, шунингдек, йўқотишларимизни прогнозлашни ҳисобга олади. Кўрсаткичларнинг ҳар бири бўйича рақамларни айта олмайман, бу ҳарбий сир», — дея қўшимча қилди Украина Қуролли кучлари бош қўмондони. 

Валерий Залужний Украина Қуролли кучлари Бош штаби қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмаслигини, шунинг учун у ҳукуматга ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаганини таъкидлади. Айни пайтда, унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари Бош штаби Украина Мудофаа вазирлиги билан ишлаган ва эҳтимол у вазирлар маҳкамасига «мобилизациянинг айрим масалаларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини юборган.

Зеленский ярим миллион кишини сафарбар қилишни режалаштирмоқда 

19 декабр куни Украина президенти Володимир Зеленский йил якунлари бўйича катта матбуот анжумани чоғида Киев қўшимча 450-500 минг кишини ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи эканлигини айтди. Тегишли қонун лойиҳаси тайёрланмоқда, кейин у Олий радага кўриб чиқиш учун киритилади, деди Украина давлати раҳбари. 

25 декабр куни Олий рададаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия Telegram’да «ҳарбий қўмондонлик 500 минг ҳарбий хизматчини сафарбар этиш бўйича сўров юборганини» маълум қилди. 

Мавзуга оид