Жаҳон | 09:12 / 28.12.2023
8814
5 дақиқада ўқилади

Киев Ғарб ёрдамисиз маошлар тўланмаслиги хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирди

Янги йилда Россия Федерацияси билан уришаётган мамлакат иш ҳақи ва пенсияларни тўлаш учун 34 миллиард евро миқдорида ташқи ёрдамга муҳтож, деди Украина Иқтисодиёт вазирлиги раҳбари. Агар ёрдам бўлмаса, ушбу тўловларни кечиктириш керак бўлади.

Фото: Frank Hammerschmidt/dpa/picture alliance

Украинага Ғарб давлатларидан ташқи молиявий ёрдам кўрсатилмаслиги 500 минг давлат хизматчиси ва 1,4 миллион ўқитувчининг маоши, шунингдек, 10 миллион пенсионерга бериладиган тўловлар кечикишига олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирди мамлакат иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко 27 декабр, чоршанба куни чоп этилган Financial Times (FT) нашрига берган интервюсида.

Киев биринчи навбатда мудофаа ва қарзга хизмат кўрсатишга эътибор қаратади, бу эса «айрим ижтимоий тармоқларнинг етарли даражада молиялаштирилмаслиги бўйича катта хавф туғдиради», деб тушунтирди вазир. Унинг сўзларига кўра, Украина ўзининг энг яқин иттифоқчиларидан ваъда қилинган маблағ ўтган йили етиб келмагани ҳақидаги маълумотдан кейин давлат хизматлари ва нафақалар учун пул йиғишга ҳаракат қилмоқда. Келгуси йилда мамлакат тўлов масалаларини ҳал қилиш учун 37 миллиард доллар (34 миллиард евро) миқдорида ташқи ёрдамга муҳтож. 

Свириденко Европа Иттифоқи феврал ойида ёрдам маъқуллашини ва март ойи охиригача маблағ ажратишини кутмоқда. Аммо у бу етарли бўлмаслигини ҳам таъкидлади. «Ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Бу бизга зудлик билан керак», - деди Свириденко. 

Украина уч ойдан ортиқ вақтдан бери тежамкорлик режимида 

Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши заифлаша бошлаган сентябрдан бери Киев пулни тежаш ва харажатларга устуворлик беришни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади FT. Украина ҳукумати банклар фойда солиғини 50 фоизга оширди ва маҳаллий ҳукуматлардан 1,5 фоизлик қўшимча даромад солиғи тушумини марказга ўтказди. Аммо, вазирнинг сўзларига кўра, бюджет маблағ танқислигига дуч келган. Декабр ойида халқаро донорлар ва кредиторлар томонидан ваъда қилинган тахминан 5 миллиард доллар ҳам харажатларни қоплаш учун «етарли бўлмайди». 

Давлат харажатларининг кескин қисқариши ёки инфляциянинг ошиши Украина иқтисодига путур етказиши ва солиқ базасини заифлаштириши мумкин, бу эса мамлакатни хорижий ёрдамга янада қарам қилиб қўяди, деб ёзади FT. 2023 йилнинг 11 ойида Киев ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 миллиард евро кўпроқ солиқ йиғди, дея таъкидлади Украина бош вазири ўринбосари. 

АҚШ Конгресси Украинага ёрдам масаласига январгача қайтмайди 

АҚШ Конгресси Украинага ёрдам бериш масаласига фақат 2024 йилнинг январида қайтади. Бу ҳақда Сенатдаги Демократик партия етакчиси Чак Шумер ва АҚШ қонун чиқарувчи органи юқори палатасидаги республикачилар озчилиги етакчиси Митч Макконеллнинг 19 декабр куни эълон қилинган қўшма баёнотида айтилади. 

Сиёсатчиларнинг таъкидлашича, музокарачилар «рағбатлантирувчи ўзгаришга эришди», аммо «қийин масалалар сақланиб қолмоқда». «Музокарачилар декабр ва январ ойларидаги танаффус пайтида қаттиқ ишлайди ва бизнинг мақсадимиз қайтиб келишимиз биланоқ нимадир қилишдир», деди Шумер журналистларга. 

Октябр ойида АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга Украина, Исроил ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги операцияларни фавқулодда молиялаштириш учун 106 миллиард доллар бўйича сўров юборган. Қонун чиқарувчилар бу маблағни ажратиш бўйича ҳалигача келиша олмади.

ЕИ Венгриянинг ветосини четлаб ўтиш режасини тайёрламоқда 

Европа Иттифоқи Будапешт билан келишувга эришилмаса Венгрия ветосини четлаб ўтиб, Украинага 2027 йилгача 20 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратиш учун «Б режаси»ни тайёрламоқда. Бу ҳақда 27 декабр куни хабардор манбаларга таяниб, Financial Times хабар берди. Уларга кўра, зарур маблағлар капитал бозорларидан қарз сифатида олиниши мумкин, бунда аъзо мамлакатлар ЕИ бюджети олдида уларни ўз зиммасига олиши кафолати талаб этилади.

Бундай схема Венгрия қарши чиққан ҳолат - Европа Иттифоқи бюджетидан пул ажратишдан фарқли ўлароқ, барча ЕИ давлатларининг розилигини талаб қилмайди. Кафолатлар кредит рейтинги юқори бўлган мамлакатлар томонидан тақдим этилиши керак, уларнинг баъзиларида - масалан, Германия ва Нидерландияда бу - парламент розилигини талаб қилади. Бироқ, Брюссел бу тартибларни март ойига қадар якунлашни режалаштирмоқда - айнан мана шу муддат Киевга ёрдам бериш учун белгиланган. 

Венгрия июн ойидан бери Европа Иттифоқининг Киевга макромолиявий ёрдам кўрсатишга уринишларига тўсқинлик қилмоқда. Мамлакат бош вазири Виктор Орбан, биринчидан, Украинадан унга ажратилган маблағлар қандай сарфлангани ҳақида ҳисобот беришни, иккинчидан, Брюссел Венгрия суд тизими мустақиллигига шубҳа туфайли музлатиб қўйган ЕИ ёрдамини блокдан чиқаришни талаб қилмоқда. 

Мавзуга оид