Ўзбекистон | 08:15 / 28.12.2023
6463
2 дақиқада ўқилади

Ота-она ўрнига таълим харажатини қоплаётган фарзандларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш таклиф этилди

Тўлов қобилиятига эга бўлмаган ота-она ўрнига таълим харажатларини қоплаётган фарзандларга ҳам солиқ имтиёзини қўллаш таклиф қилиняпти. Омбудсман таълим харажатларини қоплаётган бошқа фарзандлар, яъни опа, сингил, ака, укасининг ўқишига ёрдам бераётган ака-ука ва опа-сингилларга нисбатан ҳам солиқ имтиёзи қўллашни таклиф этди.

Фото: Shutterstock

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га фуқаролардан келаётган мурожаатлар мунтазам таҳлил қилиб борилади. Уларда кўтарилган муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш мақсадида омбудсман томонидан таклифлар ишлаб чиқилади.

Омбудсман номига ижтимоий ҳуқуқларни таъминлаш, жумладан таълим учун контракт пули тўлови, бўлиб-бўлиб тўлаш, имтиёзлар бериш каби масалалар юзасидан шу кунга қадар юборилган мурожаатлар ўрганилганда доимий иш жойига эга бўлмаган ота-она томонидан тўловларни сўндиришда муаммолар мавжудлиги аниқланган.

Қонунчиликка мувофиқ, ота-оналар олий ўқув юртларида ўқийдиган фарзандларига таълим тўловларини ўз ойлик иш ҳақларидан тўлаб берса, 12 фоиз даромад солиғини қайтариб олиши мумкин. Бу тартиб ўзи ишлаб ўз контрактини тўлаган талабалар ва турмуш ўртоғи учун контракт тўлаганларга ҳам амал қилади.

Ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини ошириш мақсадида жорий этилган ушбу имтиёз фуқароларга анча енгиллик бермоқда. Лекин омбудсманга юборилаётган мурожаатларда ота-онанинг доимий даромад манбайи бўлмагани сабабли, тўловларни уларнинг бошқа фарзандлари тўланаётгани аниқланмоқда. Бундай ҳолларда эса ушбу солиқ имтиёзи қўлланмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, омбудсман таълим харажатларини қоплаётган бошқа фарзандлар, яъни опа, сингил, ака, укасининг ўқишига ёрдам бераётган ака-ука ва опа-сингилларга нисбатан ҳам солиқ имтиёзини қўллашни таклиф қилмоқда.

Мавзуга оид