Навалний штабининг собиқ раҳбари 9 йилга озодликдан маҳрум этилди
Ксения Фадеева «ўз мансаб мавқейидан фойдаланган ҳолда экстремистик ҳамжамият фаолиятини ташкил этишда» айбдор деб топилди. Жазо муддатига қўшимча равишда у ярим миллион рубл жаримага тортилди.
Томскнинг Советск туман суди 29 декабр, жума куни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган мажлисда шаҳар думаси депутати, айни пайтда мухолифатчи сиёсатчи Навалнийнинг маҳаллий штаби координатори бўлган Ксения Фадеевани 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бундан ташқари, Фадеева 500 минг рубл миқдорида жаримага тортилди.
Навалний штабининг собиқ раҳбари ўз мансаб мавқейидан фойдаланган ҳолда экстремистик ҳамжамият фаолиятини ташкил этиш ва фуқароларнинг шахси ҳамда ҳуқуқларини бузувчи нотижорат ташкилот ишида иштирок этишда айбдор деб топилди.
«Ушбу суд жараёнида содир бўлганларнинг адолатга алоқаси йўқ. Ўтган ҳафтада бизни ҳақиқатдан ҳам масхара қилишди. Ҳимоя далилларни тақдим этиш босқичида чеклаб қўйилди, жиноят процессида тортишув тамойили қўпол равишда бузилди. Айблов томони бир неча ой, 25 дан ортиқ суд мажлислари давомида далилларни тақдим этди. Ҳимояга эса далил тақдим этиш учун тўрт кун вақт берилди», деди Фадееванинг ҳимоя вакили «Медиазона»га ҳукмдан кейин.
Фадеевага қарши иш
Фадеева 2021 йилнинг декабрида қўлга олинган. 2023 йил август ойида депутатнинг иши кўриб чиқиш учун судга юборилган. 2023 йил октябр ойининг охирида Фадееванинг эҳтиёт чораси муайян ҳаракатларни тақиқлашдан уй қамоғига ўзгартирилди. 13 ноябр куни эса суд уни давлат айбловчисининг илтимосига биноан тергов изоляторига жўнатди. Прокуратура айбланувчининг айбдор эканини билдирди ва унга 10,5 йил муддатга умумий тартибдаги колонияни сўради.
«Мемориал» инсон ҳуқуқлари жамияти Фадеевани сиёсий маҳбус деб билади. Таъқибга унинг Навалнийнинг штабида ишлаши сабаб бўлган.
Мавзуга оид
21:37 / 12.11.2024
Португалияда Алексей Навалний мемориали очилди. У Россия элчихонаси яқинида жойлашган
14:10 / 14.10.2024
Жаҳон ОАВ Навалнийнинг хотираларидан парчаларни чоп этди
13:10 / 05.10.2024
«Досье»: Навалний қўлини теккизган ҳамма нарса колониядан олиб чиқиб кетилди
23:25 / 03.10.2024