Жаҳон | 14:00 / 08.01.2024
3801
3 дақиқада ўқилади

Хитой Тайванга ёрдам берган АҚШ компанияларига қарши санкция киритди

АҚШнинг бешта мудофаа компанияси Тайванга қурол сотган, деб ҳисоблайди Пекин.

Фото: Reuters

ХХР Американинг бешта мудофаа саноати компаниясига қарши Тайванга қурол сотишда иштирок этгани учун санкциялар жорий қилди. Бу - АҚШ Давлат департаментининг яқинда Тайванга қурол сотишни маъқуллагани, шунингдек, Вашингтон томонидан бир қатор Хитой компанияларига нисбатан жорий қилинган санкцияларга «қарши чоралар», дейилади 7 январ, якшанба куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотда.

Хабарда айтилишича, гап BAE Systems Land and Armament, Alliant Techsystems Operation, AeroVironment, ViaSat ва Data Link Solutions каби компаниялар ҳақида кетмоқда. Ушбу ташкилотларнинг ХХРдаги мулки ва активлари музлатилади, Хитойдаги фуқаролар ва компанияларга улар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланади. 

Бироқ рўйхатда келтирилган компанияларнинг ҳаммаси ҳам қурол ишлаб чиқариш билан бевосита шуғулланмайди – масалан, ViaSat, гарчи у Пентагон билан ҳамкорлик қилса ҳам, телекоммуникация компанияси ҳисобланади. 

ХХР ТИВ вакилининг айтишича, Тайванга қурол сотилиши «ягона Хитой» тамойили ҳамда Хитой ва АҚШ ўртасидаги учта қўшма коммюнике қоидаларини очиқдан-очиқ бузишдир». 

АҚШ ва Хитой аввалроқ ҳарбий соҳадаги алоқаларни тиклаганди 

2023 йил декабрида АҚШ Давлат департаменти Тайбэйга умумий қиймати 300 миллион доллар (тахминан 284 миллион евро) миқдорида қурол етказиб беришни маъқуллади. Пекин бу фактдан норозилик билдирди. 

Шу билан бирга, ноябр ойида АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Жинпинг мамлакатлар ҳарбий идоралари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни қайта тиклашга келишиб олди. Бу ҳақда етакчилар узоқ вақтдан бери илк бор учрашган Сан-Францискода бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити арафасида эълон қилинди.

Хитой раҳбари билан учрашувда Байден яна бир бор АҚШнинг «ягона Хитой» тамойилига содиқлигини тасдиқлади, унга кўра сиёсий алоқалар Тайван ороли ҳукумати билан эмас, Хитой ҳукумати билан ўрнатилиши керак. 2022 йил август ойида АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрганидан кейин Пекин Вашингтонни танқид қилди ва уни ушбу тамойилга риоя қилмасликда айблади. 

Вашингтон Тайванга ёрдам беришда давом этяпти

Вашингтон Тайбэй билан расмий дипломатик алоқаларни давом эттира олмайди, аммо Америка қонунчилиги Қўшма Штатлардан Тайваннинг кучли мудофаасини таъминлашини талаб қилади. Бунинг сабаби - 1979 йилда АҚШ Конгресси томонидан қабул қилинган «Тайван билан муносабатлар тўғрисидаги қонун».

Ушбу ҳужжат томонидан рухсат этилган чоралардан бири мудофаа мақсадларида Тайванга қурол сотишдир. Шуларни ҳисобга олиб, АҚШ Пекин билан муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлса ҳам, оролга ҳарбий ёрдам беришда давом этмоқда. Шу билан бирга, Пекин Тайван суверенитетини, жумладан, дипломатик воситалар орқали чеклашга уринишларини тўхтатмаяпти.

Мавзуга оид