Жаҳон | 11:57 / 09.01.2024
3404
2 дақиқада ўқилади

Шолц ЕИ давлатларини Украинага ёрдамни кучайтиришга чақирди

Берлин Киевни «керак бўлгунича» қўллаб-қувватлайди, дея ишонтирди ГФР канцлери. Аммо, унинг сўзларига кўра, бу Украинанинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлаш учун етарли бўлмайди.

Фото: John Thys/AFP/Getty Images

Германия канцлери Олаф Шолц Европа Иттифоқи давлатларини Россиянинг кенг кўламли ҳужумига қаршилик кўрсатаётган Украинага бу йил кўпроқ ёрдам беришга чақирди. 8 январ, душанба куни Берлинда Люксембург бош вазири Люк Фриден билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Шолц: «Ҳозирда ЕИга аъзо аксарият давлатлар томонидан Украинага етказиб бериш режалаштирилаётган қурол ҳажми ҳар қандай ҳолатда ҳам жуда кичик», деди. У Европа Иттифоқидаги мамлакатларни Украина манфаатлари йўлида саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, Украинага АҚШдан кейинги энг йирик донор бўлган Германия «зарур бўлгунича» ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади. Бироқ узоқ муддатда Украина хавфсизлигини таъминлаш учун Германиянинг ҳиссаси етарли бўлмайди, дея таъкидлади сиёсатчи. 

Энг кечи билан 1 феврал куни бўлиб ўтадиган ЕИ саммитига қадар «биз европалик ҳамкорларимиз бу йил Украинани қўллаб-қувватлашга қандай аниқ ҳисса қўшиши ҳақида иложи борича аниқ тасаввурга эга бўлишимиз керак», деди Германия ҳукумати раҳбари. «Европа Украина томонида, эркинлик, халқаро ҳуқуқ ва Европа қадриятлари тарафида қатъий эканини намойиш этиши керак», - дейди Шолц. 

Мавзуга оид