БМТ ҳусийчилардан кемаларга ҳужумларни тўхтатишни талаб қилди
БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясида айтилишича, Яман исёнчиларининг ракета ва дрон ҳужумлари халқаро савдо, денгиз қонунчилигига путур етказмоқда, минтақада тинчлик ва хавфсизликка зарар келтирмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши яманлик исёнчиларни Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Япония ва АҚШ томонидан киритилган тегишли резолюция 10 январ, чоршанба куни Ню-Йоркда ўн бир овоз билан қабул қилинди, ҳеч ким қарши чиқмади. Тўрт давлат – Россия, Хитой, Жазоир ва Мозамбик бетараф қолди. Овоз бериш бир неча соатга кечиктирилди, чунки Россия бир нечта тузатишлар киритди, уларнинг барчаси рад этилди, дея аниқлик киритмоқда dpa агентлиги.
Резолюцияда ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужумлари кескин қораланади. Исроил билан ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан бери кескин ортган ракета ва дрон ҳужумлари халқаро савдо, денгиз қонунчилигига путур етказмоқда ҳамда минтақадаги хавфсизлик ва тинчликка зарар келтирмоқда. Резолюцияда айтилишича, ҳужумлар «зудлик билан» тўхтатилиши керак.
Шу билан бирга, ҳусийчилар ноябр ойида эгаллаб олинган Япониянинг Galaxy Leader кемасини экипажи билан бирга қўйиб юборишга чақирилди. АҚШ маъмурияти маълумотларига кўра, 2023 йил октябр ойидан бери Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар Қизил денгизга Ямандан юздан ортиқ учувчисиз учоқлар ва ракета ҳужумларини уюштирган. Илгари исёнчилар расмийлари фақат Ғазо секторига ёрдам етказувчи юк кемаларига ҳужум қилинмаслигини билдирган эди.
Кемалар Қизил денгиз ва Сувайш канали йўлларидан тобора узоқлашмоқда
Қизил денгиз - марказий савдо йўли, у орқали жаҳон савдосининг ўн икки фоизи ўтади. Сувайш канали Ўрта Ер денгизи ва Қизил денгизни боғлаб, Осиё ва Европа ўртасидаги энг қисқа денгиз йўлига айланган. Африка жанубидаги муқобил йўл ташиш вақтини сезиларли даражада оширади.
Яман Қизил денгиз ва Адан кўрфази ўртасидаги Боб ал-Мандеб бўғозида жойлашган. Хавфли вазият туфайли йирик юк ташиш компаниялари Қизил денгиз ва Сувайш канали орқали ўтадиган йўллардан кўпроқ узоқлашмоқда. Тижорий юк ташишни ҳимоя қилиш учун Қўшма Штатлар декабр ойида халқаро ҳарбий коалиция тузди.
Яманнинг ҳусийчилар инқилобий қўмитаси раҳбари Муҳаммад Али ал-Ҳусий БМТнинг Қизил денгиздаги савдо йўлларига ҳужумлар бўйича қабул қилинган резолюциясини «сиёсий ўйин» деб атади, бунда «айнан АҚШ халқаро ҳуқуқни бузаётгани айтилди», деб ёзади Reuters. Ал-Ҳусий АҚШ қайси ҳуқуқни бузаётганига аниқлик киритмади.
Ҳусийчилар томонидан Galaxy Leader кемаси эгаллаб олиниши
19 ноябр куни аввалроқ Исроилнинг барча кемаларига ҳужум қилиш ниятини билдирган Яманнинг ҳусийчи исёнчилар Қизил денгизда Баҳама ороллари байроғи остида ҳаракатланган Galaxy Leader кемасига чиқиб олди. Эгаллаб олинган вақтда кема япон компаниясига ижарага берилган бўлган. Ambrey денгиз хавфсизлиги компанияси маълум қилишича, кеманинг «гуруҳ эгаси Ray Car Carriers сифатида кўрсатилган», унинг бош компанияси исроиллик тадбиркор Абраҳам «Рами» Унгарга тегишли.
9 январ куни ҳусийчилар Қизил денгизда савдо кемаларига навбатдаги ҳужум уюштирди. АҚШ ва Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучлари бўлинмалари Қизил денгиз жанубига халқаро юк ташиш йўналишлари ва ўнлаб савдо кемалари томон отилган 18 та учувчисиз учоқ ва учта ракетани уриб туширди, дея маълум қилди АҚШ ҳарбийларининг минтақавий қўмондонлиги.
АҚШ ҳарбийларига кўра, ҳусийчилар ҳужум қилиш учун Эрон томонидан ишлаб чиқарилган OWA UAVS дронлари, кемаларга қарши қанотли ва баллистик ракеталардан фойдаланган. Улар Американинг USS Dwight D. Eisenhower, USS Gravely, USS Laboon, USS Mason, шунингдек, Британиянинг HMS Diamond авиаташувчиси томонидан уриб туширилган.
Бу - ўтган йилнинг 19 ноябридан бери Қизил денгиздаги тижорий юк ташиш йўналишларига ҳусийчиларнинг 26-ҳужуми.
Мавзуга оид
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
11:20 / 11.11.2024
АҚШ Ямандаги ҳусийчиларнинг қурол омборларига зарба берди
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024