Жаҳон | 08:30 / 15.01.2024
9205
2 дақиқада ўқилади

Киев Хитойнинг тинчлик музокараларида иштирок этиши зарурлигини маълум қилди

Президент Зеленский офиси раҳбари муваффақиятга эришиш учун Хитойнинг Украина бўйича тинчлик музокараларида иштирок этиши зарурлигига ишонч билдирди.

Фото: Getty Images/Yuliia Ovsiannikova/Ukrinform/Barcroft Media

Хитойнинг Украинадаги урушни ҳал қилиш бўйича тинчлик музокараларида иштирок этиши Россия ҳужумини тугатиш учун зарур. Бу ҳақда 14 январ, якшанба куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак маълум қилди. 

Давосдаги тадбирда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян иштирок этади. Ермакнинг сўзларига кўра, Хитой делегацияси раҳбари ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасида бўлиши мумкин бўлган учрашув ҳозирча келишиб олинмаган. 

Швейцария ташқи ишлар вазири Иняцио Кассис ва Давосдаги Украина «тинчлик формуласини» амалга ошириш бўйича йиғилиш ташкилотчиларидан бири ҳам Хитой урушни тугатиш контекстида «муҳим рол ўйнашини» таъкидлади. «Биз бу масалада Хитой билан ҳамкорлик қилиш йўлларини топишимиз керак», деди Кассис. 

Давосда Украина бўйича конференция

Зеленский таклиф қилган «тинчлик формуласи» фақат тинчлик музокаралари учун «пойдевор», деди Кассис. «Бу ёки бошқа йўл билан (уларга) Россияни жалб қилиш керак. Россиянинг сўзисиз тинчлик бўлмайди», - дея хулоса қилди вазир. 

Давосда иқтисодий форум арафасида Украина бўйича навбатдаги тинчлик конференцияси бўлиб ўтди, унда 80 давлат вакиллари иштирок этишини тасдиқлади. Бу 2023 йилда Дания, Саудия Арабистони ва Малтада бўлиб ўтган шунга ўхшаш учрашувларга қараганда анча кўп. 

Кассис Давос анжуманида иштирокчилар кўплигини тадбирнинг муваффақияти деб ҳисоблади. Айни пайтда Киев «Жаҳон тинчлик саммити»ни янада юқори савияда ўтказмоқчи. Кассис айтишича, яқин кунларда Володимир Зеленский билан бу масалани муҳокама қилиш керак. 

Мавзуга оид