Жаҳон | 22:16 / 20.01.2024
7083
2 дақиқада ўқилади

Литвалик вазир мудофаа эҳтиёжлари учун аҳолидан қарз олишни таклиф қилди

«Одамлар пулни пайпоқда сақламасдан, танкка сармоя киритгани маъқул эмасми?», деди у.

Фото: D. Umbraso / LRT

Литва Иқтисодиёт вазирлиги мамлакат мудофаа эҳтиёжларига харажатларни оширишни муҳокама қилади, деди идора раҳбари Аушрине Армонайте LRT телеканалига берган интервюсида. Унинг аниқлик киритишича, мамлакат фуқароларидан олинган қарз молиялаштириш манбаси бўлиши мумкин.

«Масалан, аҳолидан қарз олиш усуллари мавжуд. Мен бундай облигациялар ғояси ҳақида танқидни эшитганман, лекин одамларда жуда кўп пул бор. Балки уни пайпоқда сақламасдан, танкка сармоя киритган маъқулдир», деди Армонайте.

Шу билан бирга, Литва Иқтисодиёт ва инновациялар вазири фуқаролар, эҳтимол, ушбу кредитлар бўйича юқори фоиз ставкаларини кутмаслиги кераклигини таъкидлади.

«Аммо Украинани ихтиёрий равишда қўллаб-қувватлаётганлар бор. Ўйлайманки, агар кимга, қачон ва қанча пул кераклиги аниқ бўлса, улар буни тушунади», деб қўшимча қилди Армонайте.

2023 йил декабр ойида Литва Сейми (парламенти) 2024 йилги давлат бюджетини ялпи ички маҳсулотнинг 2,75 фоизини мудофаа учун рекорд миқдорда ажратган ҳолда тасдиқлади. Ўтган йили мудофаа харажатлари 2,52 фоиз эди. Жорий йил учун ғазначилик даромадлари деярли 17 миллиард евро, харажатлари 20 миллиард евро миқдорида режалаштирилган. Давлат бюджети тақчиллиги ЯИМ 3 фоизини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Мавзуга оид