Тина Канделаки Қозоғистонга кириши тақиқланмоқда. У қозоқларга манқурт ҳақида эслатганди
Ўтган ҳафта Канделаки Қозоғистонда «аста-секин рус тилини давлат даражасида сиқиб чиқариш давом этаётгани»ни айтганди. У Қозоғистондаги вокзалларнинг рус тилидаги номи ўзгараётганига норозилик билдириб, қозоқларни манқуртларга қиёслаганди.
Қозоғистон ҳукумати Россиянинг ТНТ телеканали бош директори Тина Канделакига мамлакатга киришни тақиқламоқчи. Бу ҳақда қўшни давлат ТИВ расмий вакили Айбек Смадияровга таяниб маҳаллий Tengri News нашри хабар берган.
«Кимдир сизга ёқмаса, уни уйингизга киритмайсиз-ку, тўғрими? Биз ҳам шундай қиламиз. Буни бугун ёки эртагаёқ қилишга мажбурламанг. Давлат бу нарсани ҳеч қачон кечирмайди. У Қозоғистонга келмайди, агар келса, киролмайди», деган Смадияров.
Аввалроқ Тина Канделаки ўз Telegram-каналида гўёки «Қозоғистонда рус тили давлат миқёсида бўғилаётгани» ҳақида пост жойлаганди. Бунга сабаб сифатида Қозоғистон транспорт вазирлиги бир неча поезд станциялари номини қозоқчага ўзгартиргани келтирилган.
Канделаки станцияларга қозоқча ном берилишини «ёмон анъана» деб атаб бу борадаги «Болтиқбўйи тажрибаси»ни мисол қилиб келтирганди.
«У ерда ҳам барчаси кичик нарсалардан бошланиб, кейин масала жиддийлашиб кетди: русча мактаблар ёпилди, совет ёдгорликлари йўқ қилинди, рус тили тақиқланди, охирида нафақахўрлар совуқда ташқарига ҳайдалди», деб ёзди Канделаки.
Канделакининг постига кўплаб қозоғистонликлар муносабат билдирди. У эса изоҳларни «қизиқиш ва қайғу» билан кузатаётганини айтди. «Ўзини ва тарихда бўлган воқеаларни унутиш, шу жумладан тарихий номларни унутиш нафақат саводсизлик, балки хавфли иш ҳамдир», деб қўшимча қилди у.
Шунингдек, асли гуржи миллатига мансуб бўлган Канделаки қозоқларга «манқурт » деган тушунча борлигини эслатиб, Қозоғистон Россия бўлмаганда, давлат сифатида мавжудлигини йўқотган бўлишини иддао қилди.
«Ҳурматли қозоқлар, сизларда «мәңгу» деган тушунча бор. Ундан ўзлигини ва баъзан ақлини йўқотган манқурт тушунчаси келиб чиқади. Тарихни эсламаслик – икки йил аввал Қозоғистон давлат сифатида йўқ бўлиб кетиш арафасига келиб қолганини ҳам эсламаслик демакдир. Қайси бири яхши – ёнаётган шаҳарларми ёки ёрдамга келган қўшними?» деган у.
ТНТ бош директори бу гапи билан икки йил аввал Қозоғистондаги намойишларни бостиришда россиялик ҳарбийлар жалб қилингани, Россия Қозоғистонга КХШТ доирасида ҳарбий ёрдам кўрсатганини назарда тутган.
Канделакининг иккинчи постига Қозоғистон парламенти қуйи палатаси собиқ депутати Бекболат Тлеухан жавоб берар экан, унинг гапларини «онгли провокация» деб атади.
«Ҳамма давлат кўчаларга, шаҳарларга ва станцияларга қандай ном беришни ўзи ҳал қилади. Нима учундир сиз «манқурт» атамасини тилга олдингиз. Яъни, сизнингча биз қозоқлар манқуртми? Агар бу сўзнинг маъносини билсангиз, бу бутун бошли миллат учун қанчалик ҳақорат эканини ҳам биласиз», деб собиқ депутатнинг сўзларини келтирган Orda нашри.
- 2023 йил октябр ойида Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров ҳукумат мамлакат ҳақида салбий фикр билдирганлар киритиладиган реестр ташкил қилинишини айтганди. Ушбу рўйхатга киритилганларга Қозоғистонга кириш тақиқланиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
18:39 / 15.02.2024
Қозоғистон Ўзбекистондан тарихий мерос буюмларини қайтаради
18:33 / 14.02.2024
Қозоғистондаги ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари жабрланди
10:15 / 12.02.2024