Жаҳон | 20:21 / 22.01.2024
6418
2 дақиқада ўқилади

Хитойда кўчки: саккиз киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар вайроналар остида қолган

Қутқарув амалиётига шахсан бош вазир ўринбосари раҳбарлик қилмоқда.

Фото: Getty Images

Хитой жануби-ғарбидаги Юннан провинциясида камида 47 киши кўчки туфайли вайроналар остида қолиб кетган. Лой ва тошлар остидан саккиз киши чиқариб олинган, қолганларнинг тақдири ҳозирча номаълум.

Хитой раҳбари Си Жинпинг барча зарур ресурсларни жалб этган ҳолда кенг кўламли қутқарув амалиёти ўтказишни буюрган.

Фожиа жойига бош вазир ўринбосари Чжан Гуоқинг раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ юборилган, у қидирув ишларига шахсан бошчилик қилади.

Кўчки маҳаллий вақт билан эрталабки соат 6 атрофида рўй берган.

Бу ҳодиса рўй берган Чжаотонг региони тоғли ҳудудда жойлашган. Йилнинг бу вақтида у ерда ҳарорат нолдан паст даражага тушади, шундай экан, одамлар музлаган тош қатлами остида қолишган.

«Жуда кучли шовқин бўлди ва ер зилзиладаги каби силкинди», — дейди журналистларга жабрланган қишлоқда яшовчилардан бири.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан яна бирининг сўзларига кўра, кўчки вақтида уйларда асосан болалар ва қариялар бўлган.

CCTV давлат телеканали тупроқ ва тошлар уюми остидан яна икки кишининг жасади топилгани ҳақида хабар берган, аммо ҳозирча тафсилотлар йўқ.

Ижтимоий тармоқларга гувоҳлар томонидан жойлаштирилган кадрларда қорли тоғ чўққилари фонида қутқарувчилар харобаларни тозалаш ишлари билан машғуллигини кўриш мумкин.

Уйларнинг харобалар орасидан одамларнинг буюмлари ва рўзғор анжомлари олиб чиқилмоқда.

Юннан провинциясида кўчки ва сув тошқинлари тез-тез рўй бериб туради.

2013 йил январида худди шу региондаги қишлоқлардан бирида кўчки оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид