Жаҳон | 15:30 / 25.01.2024
3166
2 дақиқада ўқилади

Россия минтақаларида Telegram ва WhatsApp’га киришда муаммолар кузатилди

Ёқутистон вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, энг кенг тарқалган мессенжерларга киришда муаммолар Роскомнадзор томонидан олиб борилган профилактика ишлари туфайли юзага келган. 

Фото: Depositphotos

Россия Федерациясининг бир қатор ҳудудларида энг кенг тарқалган Telegram, Viber ва WhatsApp мессенжерларига киришда узилишлар кузатилди. «Сбой.рф» хизмати 24 январ, чоршанбага ўтар кечаси уларнинг ишидаги носозлик ҳақида хабар берди. Новосибирск, Иркутск, Красноярск ва Амур вилоятлари, Приморск ва Хабаровск ўлкалари, Ёқутистон ва Сахалин, Москва, Санкт-Петербург ва бошқа бир қатор минтақаларда мессенжерлардан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар қайд этилган. Сервислар фақат VPN ёрдамида очилган.

Роскомнадзорнинг профилактика ишлари 

Ёқутистон ахборот-коммуникация технологиялари вазири ўринбосари Андрей Сусловнинг сўзларига кўра, бу муаммолар Роскомнадзор билан келишилган профилактика ишларига алоқадор. «Айни дамда барча алоқа линиялари ва уяли алоқа операторлари нормал режимда ишламоқда. Мессенжерларнинг ишламай қолиши Роскомнадзор билан келишилган вақтинчалик профилактика ишларига боғлиқ», - деди у. 

Шу билан бирга, Камчатка рақамли ривожланиш вазирлиги тезкор мессенжерлардан фойдалана олмаслик сабаблари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди. «Камчатка ўлкаси ҳукумати иловалар ишидаги узилишлар сабаблари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Уяли алоқа операторлари билан музокаралар олиб борилди, компаниялар воқеа сабабларини билмаслигини маълум қилди. Роскомнадзор ҳудудий бошқармаси эса бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Бўлимга расмий сўров юбордик», — дея баёнотдан иқтибос келтирмоқда «Настоящее время» нашри. 

Шунга ўхшаш муаммолар Россияда бир неча бор кузатилган. Хусусан, мессенжерлар ишидаги носозликлар Хабаровск ўлкасида 2024 йилнинг 17 январида ва 2022 йилнинг январида қайд этилган, деб ёзади мустақил матбуот.

Мавзуга оид