Жаҳон | 11:18 / 25.01.2024
3382
3 дақиқада ўқилади

Шолц Зеленский билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Германия канцлери Берлинда яқин орада Германия ва Украина ўртасида хавфсизлик бўйича келишув тузилиши мумкин, деди. 

Олаф Шолц Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашди, улар Германия ва Украина ўртасида хавфсизлик бўйича эҳтимолий ҳамкорлик келишувини муҳокама қилди. Бу ҳақда Шолц 24 январ, чоршанба куни Берлинда Словакия бош вазири Роберт Фицо билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. 

Шолцнинг сўзларига кўра, ҳозирда яқин келажакда рўй бериши мумкин бўлган бундай келишувни тузиш учун «интенсив тайёргарлик» олиб борилмоқда. Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари гап аниқ қайсидир сана ёки муддат ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. Аммо «музокаралар якуний босқичга яқин деган фикр бор», деди Шолц. 

Зеленский Шолцга миннатдорчилик билдирди 

Ўз навбатида, Володимир Зеленский Х ижтимоий тармоғида Германия канцлери билан телефон орқали суҳбатда «Украина ва Германия ўртасида хавфсизлик кафолатлари бўйича келишувни тайёрлаш масалалари алоҳида муҳокама қилинганини» айтди. Украина президенти, шунингдек, Олаф Шолцга жорий йил учун Украинага мудофаа ёрдамини 8 миллиард еврога оширганига миннатдорчилик билдирди. 

Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув 

Кўриб чиқилаётган келишув Украинага Россия билан уруш тугаганидан кейин кафолатларни назарда тутади, дея аниқлик киритди Reuters. Агентлик маълумотларига кўра, Берлиндаги ҳукумат доиралари Германия ва Украина ўртасидаги келишув феврал ойида якуний тарзда расмийлаштирилишини кутмоқда. 

Аввалроқ, 12 январ куни Киев ва Лондон хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув имзолагани маълум бўлган эди. Британия Украина билан янги ҳужум содир бўлган тақдирда тез ва доимий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи шартнома имзолаган биринчи давлат бўлди. Битим Украина НАТОга киргунга қадар кучда қолади.

Франция, шунингдек, Украинага хавфсизлик шартномасини тузишга ваъда берди, деб эслатади AFP. Вилнюсда бўлиб ўтган «Катта еттилик» саммитида Украинага хавфсизлик бўйича узоқ муддатли мажбуриятлар ваъда қилинган эди. 

Мавзуга оид