Жаҳон | 07:51 / 25.01.2024
14263
4 дақиқада ўқилади

Зеленский: Ил-76 ҳалокати бўйича халқаро тергов зарур

Украина президенти Россияни украиналик асирлар ҳаётига эътиборсизликда айблади, бироқ Россия транспорт самолёти нега ҳалокатга учрагани ҳақидаги версияларни келтирмади.

Фото: ТАСС

Украина Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти Белгород вилоятида ҳалокатга учраши ҳолати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилади, деди Украина президенти Володимир Зеленский 24 январ, чоршанба куни кечқурун анъанавий видеомурожаатида. Зеленскийнинг сўзларига кўра, «барча фактларни аниқлаш керак. Самолёт ҳалокати Россия ҳудудида - бизнинг назоратимиздан ташқарида содир бўлганини ҳисобга олсак, иложи борича кўпроқ фактларни билиш лозим».

Украина президенти, шунингдек, Украина мудофаа вазири Рустем Умеров, Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний, бош штаб бошлиғи Сергей Шаптала, бош разведка бошқармаси (ГУР) Кирилл Буданов ва СБУ раҳбари Василий Малюкнинг нима бўлганлиги ҳақидаги ҳисоботларини эшитганини айтди. «Кўриниб турибдики, руслар украиналик асирларнинг ҳаёти, қариндошларининг ҳис-туйғулари ва жамиятимиз ҳиссиётлари билан ўйнаяпти», — деди Зеленский Россия самолёти нима учун ҳалокатга учрагани ҳақидаги версияларни келтирмасдан.

Аввалроқ, 24 январ куни Украина президенти пайшанбага режалаштирилган марказий ҳудудларга сафарини бекор қилган эди. Шунингдек, РБК-Украина нашри манбаларга таяниб хабар беришича, Володимир Зеленский уни туғилган куни билан табриклаш учун учрашувлар ташкиллаштиришни тақиқлаган. 25 январ куни Зеленский 46 ёшга тўлди. 

Украина ҳаво кучлари раҳбари Россияни айблади

Шу куни кечқурун Украина ҳаво кучлари раҳбари Николай Олешчук ўзининг Telegram-каналида Россияни Украинани обрўсизлантиришга уринаётганликда айблади. 

Унинг сўзларига кўра, 24 январ куни «Россиянинг ғазабланган ташвиқоти ташқи аудиторияга сохта маълумотлар оқимини йўналтирди – Украинани жаҳон ҳамжамияти олдида обрўсизлантиришга уринди. Мақсад аниқ – улар бизнинг давлатимизга халқаро қўллаб-қувватлашни камайтирмоқчи». Олешчук Ил-76 ҳалокати ҳақида тўғридан тўғри гапирмади, бироқ «Украина тажовузкорнинг ҳаво ҳужуми қуролларини ҳимоя қилиш ва йўқ қилиш ҳуқуқига эга» эканлигини таъкидлади.

Россиянинг Ил-76 самолёти Белгород вилоятида ҳалокатга учради 

Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январ куни Белгород вилоятининг Корочанск туманида Яблоново қишлоғи яқинидаги далага қулаб тушди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, бортдаги барча одамлар ҳалок бўлган. 

Telegram’даги «Важные истории» ва «ЧТД» каналлари Россия мудофаа вазирлигига таяниб, Ил-76 бортида алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик асир, шунингдек, 6 нафар экипаж аъзоси ва 3 нафар ҳамроҳлик қилувчи шахс бўлганини маълум қилди. Россия мудофаа вазирлиги ҳалокатни «террор ҳужуми» деб атади ва бунинг учун Киевни айблади. 

Кейинроқ фавқулодда баёнотда Украина бош разведка бошқармаси ҳарбий асирларни алмашиш 24 январга режалаштирилганини тасдиқлади, бироқ украиналик асирларнинг хавфсизлигини Россия томони таъминлаши кераклигини таъкидлади. 

«Транспорт самолётининг 30 километрлик жанговар зонага қўниши хавфсиз бўлиши мумкин эмас ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар икки томон муҳокама қилиши керак. Биз Россия Федерациясида вазиятни беқарорлаштириш мақсадида режалаштирилган ҳамда Украина ва давлатимизга халқаро ёрдамни заифлаштириш учун қасддан қилинган ҳаракатлар ҳақида гапиришимиз мумкин», - дейилади баёнотда. 

Мавзуга оид