Қозоғистон Ўзбекистон ва Хитой билан сув тақсимоти бўйича шартнома имзолаш устида ишламоқда
Бундан ташқари, Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув-энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
Қозоғистон Ўзбекистон ва Хитой билан трансчегаравий дарёларда сув тақсимоти бўйича шартнома имзолаш устида ишламоқда. Бу ҳақда Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Жумладан, у трансчегаравий сув оқимларидан биргаликда фойдаланиш, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида гапирди. Қозоғистондаги саккизта сув ҳавзасидан еттитаси трансчегаравий ҳисобланади. Вазирлик трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича музокаралар гуруҳи аъзоларининг ваколатини кучайтириш ниятида.
«2024-2030 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепциясида Қозоғистон ҳукумати томонидан Ўзбекистон ва Хитой билан трансчегаравий сув объектларида сувни биргаликда бошқариш, ундан фойдаланиш ва тақсимлаш тўғрисида шартнома имзоланиши кўзда тутилган. Бу давлатлараро сув муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, вазирлик Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув-энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқмоқда», деди Нуржигитов.
Аввалроқ, «Халқаро сув оқимларидан навигациядан ташқари фойдаланиш тўғрисидаги қонун тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси Қозоғистон парламентида кўриб чиқилиб, Сенатга киритилган эди. Конвенция бутун дунё бўйлаб трансчегаравий дарёлар, кўллар ва улар билан боғлиқ ер ости сувларини адолатли ва барқарор бошқаришга ёрдам берувчи халқаро ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Мавзуга оид
23:30 / 14.11.2024
Британия музейи мамлакат тарихидаги энг қиммат совғага эга бўлади
20:39 / 13.11.2024
Хитой орбитага юк ташувчи кўп марталик космик кемасини намойиш этди
17:53 / 13.11.2024
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
18:44 / 12.11.2024