Ўзбекистон | 16:50 / 31.01.2024
10924
2 дақиқада ўқилади

Бухорода болалар ҳақини “туя қилган” боғча масъуллари ишдан олинди

Бухоро шаҳридаги 71-давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларга берилиши керак бўлган 12 кг пиширилган гўшт ва 4 кг балиқ маҳсулоти ошпазлар ювиниш хонасидаги ваннада яшириб қўйилгани аниқланди.

Фото: Видеодан кадр

Бухоро шаҳридаги 71-давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларга берилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, бошқарма томонидан 24 январ куни мактабгача таълим ташкилотида болаларни соғлом овқатлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолати кўздан кечирилган. Жараёнда тарбияланувчиларга берилиши керак бўлган 12 кг пиширилган гўшт ва 4 кг балиқ маҳсулоти ошпазлар ювиниш хонасидаги ваннада яшириб қўйилгани маълум бўлган. Бундан ташқари, таомномада тушлик учун ажратилган 75 кг ўрнига атиги 20 кг балиқ маҳсулоти тайёрланаётгани аниқланган. Ошпазларнинг шахсий буюмлари сақланадиган шкаф ва ташкилотнинг бўш турган хонасидан ҳам яшириб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари топилган.

Ҳолатга боғчанинг хўжалик ишлари мудири, ҳамшира, ошпаз ва бошқа масъуллар тайинли изоҳ бера олишмаган.

Бошқарманинг қўшимча қилишича, ўз вазифасини суиистеъмол қилган мактабгача таълим ташкилотининг хўжалик ишлари бўйича мудири, бош ошпази, ошпази, ҳамшира ва методисти билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Айни пайтда ҳолатга қонуний баҳо бериш учун тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид