Ўзбекистонда 2023 йилда 79 киши ёнғиндан вафот этган – Сенат
Сенат маъқуллаган қонун билан ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, аҳолининг маиший ҳаётида ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли нохуш ҳодисалар рўй бермоқда. Жумладан, 2023 йилда 10 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган. Ёнғинлар оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга 270,4 млрд сўмлик зарар етказилган.
Муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс кодекснинг 38-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплашдан озод этилмайди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланиладиган жазо санкцияларини ошириш ҳам кўзда тутиляпти. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.