“Шаҳар пиёдаларники бўлиши керак” – шаҳарсоз одамларнинг янги ҳештегга қўшилишини сўрамоқда
Ўзбекистон шаҳарлари, хусусан, Тошкент пиёдаларни “хуш кўрмайди”. Пойтахт одамларга мослаштирилмаган, асосий приоритет ҳануз автомобиллар бўлиб қолмоқда. Буни кўчалардаги инфратузилмаларнинг ҳолатидан ҳам билиш мумкин. Шаҳарсоз Искандар Солиев шу каби муаммолар яққол кўринган ҳудудлардан расмлар улашиб, аҳолидан #Шаҳарпиёдаларники ҳештеги остида бирлашишни сўрамоқда.
Шаҳарсоз Искандар Солиев ўзининг Telegram-каналида ёзишича, шаҳарларда пиёдаларнинг узлуксиз ҳаракати жуда чекланган ва аянчли аҳволда. Буни у олган суратларда ҳам кўриш мумкин.
Унда Тошкент шаҳри инфратузилмасидаги қўпол хатоликлар, жумладан, пиёдалар тротуари йўлнинг охиригача бормай тугаб қолгани, айрим тоифа инсонларнинг аравача билан ҳаракатланиши учун шароит йўқлиги ёки пандуслар нотўғри қурилгани кўрсатилган.
Солиевнинг Kun.uz мухбирига таъкидлашича, бугунги шаҳар инфратузилмасига муносабат жуда ёмон, одамларнинг ўзи муаммони бартараф этиш мумкинлигига ишонишмайди.
“Барчамиз ҳар куни пиёда юрарканмиз, уй эшигидан чиқишда ёки кўчаларда, албатта, тўсиқларга дуч келамиз. Аслида эса бундай бўлиши керак эмас. Пиёдалар ҳаракати шаҳарларда тўсиқсиз бўлиши лозим. Лекин бугун мен айтаётган нарсалар одамларга ёт. Улар шунчалик бу муҳитга кўникишганки, ҳаттоки вазиятни ўзгартириш мумкинлигини тасаввур қилишлари ҳам қийин.
Шунинг учун муаммога барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Ташаббуснинг мақсади шу, яъни кўчадаги ноқулай йўл инфратузилмавий ҳолатларини суратга олиб, барча платформаларда #шаҳародамларники ҳештеги орқали улашиш.
Ишонаманки, агарда одамларга етказа олсак, пиёда ҳаракати тўсиқсиз бўлишини ва бундай ўзгаришлар бугунги кунда реал қилса бўладиган нарсалигини кўрсата оламиз. Фикримча, бу шаҳарни қулай қилишга оз бўлса-да ўз ҳиссасини қўшади. Ҳар ҳолда президентимиз ҳам шаҳар пиёдаларники бўлиши кераклигини таъкидламоқда”,– дейди у.
Таҳририят ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини, муштарийларидан ҳештегга қўшилишларини сўраб қолади. #Шаҳарпиёдаларники.
Эслатиб ўтамиз, 29 январ куни президент бошчилигида ўтган селекторда Шавкат Мирзиёев шаҳар пиёдалар учун бўлиши, жамоат транспортига ҳар томонлама устунлик берилиши, автомобиллар эса ҳашаматга айланиши кераклигини таъкидлаганди.
Мавзуга оид
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
13:24 / 28.11.2024
“Самарқандни одамлар шаҳрига айлантиришимиз керак, ҳозир машина-шаҳарга айланган” — Турдимов
16:31 / 25.11.2024
Хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилди
16:02 / 20.11.2024