Иқтисодиёт | 12:50 / 14.02.2024
11178
2 дақиқада ўқилади

Санкция остидаги шахсларга Ўзбекистонда ҳисобрақам очиш тақиқланиши мумкин

Марказий банкка кредит ва тўлов ташкилотларида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларни ўрнатиш, ушбу талаблар бажарилмаган ҳолатда эса чора ва санкциялар қўллашга оид ваколат берилиши мумкин. Сенат тегишли қонунни биринчи ўқишда маъқуллади.

Иллюстратив фото: Kun.uz

Сенат ялпи мажлисида «Иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Мазкур ҳужжат билан Марказий банкнинг кредит ва тўлов ташкилотларида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларни ўрнатиш, ушбу талаблар бажарилмаган ҳолатда эса чора ва санкциялар қўллашга оид ваколати кўзда тутилмоқда.

Унга кўра, кредит ва тўлов ташкилотларига иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талаблар доирасида мижозларга ҳисобварақлар очиш ва операцияни амалга оширишни рад этиш ҳуқуқи берилмоқда.

«Қайд этиш лозимки, амалдаги қонунчиликда иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича меъёрлар мавжуд эмас. Шунингдек, мижозларга ҳисобварақлар очиш ва операцияларни ўтказиш бўйича тижорат банкларининг қонунчилик билан белгиланган мажбурияти иқтисодий санкциялар остида бўлган шахсларга маҳаллий банкларда тўсиқларсиз ҳисобварақларни очиш ва улар орқали операцияларни амалга ошириш имкониятини беради. Бу эса бутун банк тизимида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни, жумладан хорижий корреспондент банклар билан вакиллик муносабатларининг узилиши, маҳаллий тижорат банкларига нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланиши оқибатида халқаро молия бозорларига кириш бўйича чекловлар тадбиркорлик субъектларининг трансчегаравий ўтказмаларида узилишлар бўлиши эҳтимолини сезиларли даражада оширади», деди Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев. 

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мавзуга оид