Иқтисодиёт | 14:11 / 16.02.2024
12022
3 дақиқада ўқилади

5 та қонун ЖСТ битимларига уйғунлаштирилди

Киритилган ўзгаришлар интеллектуал мулк, реклама ва дори воситалари бўйича қонунчиликни қамраб олади.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонунга биноан, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жаҳон савдо ташкилотининг Хизматлар савдоси бўйича бош битими талабларига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божининг миқдори бирхиллаштирилган ҳолда БҲМнинг 1 баравари деб белгиланди. Бунгача хориж капитали иштирокидаги корхоналар учун бож 10 БҲМ миқдорида эди.

Шунингдек, миллий интеллектуал мулк тизимини ЖСТнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари тўғрисидаги битими талабларига уйғунлаштириш мақсадида қуйидагиларни кўзда тутувчи қоидалар киритилди:

  • ҳукумат томонидан патент эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланишга рухсат бериш мумкин бўлган аниқ ҳолатлар ҳамда уларга товон пули тўланиши;
  • ўзга шахсга тегишли саноат мулки объектидан (патентдан) жамоат манфаатлари учун мажбурий лицензия асосида фойдаланиш ҳуқуқини олиш ва бундай фойдаланганлик учун патент эгасига мутаносиб миқдорда товон пулини тўланишига оид алоҳида нормаларни киритиш;
  • патентланган усулдан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган низоларда исботлаш мажбуриятини аниқлаштириш;
  • инсофсиз рақобат оқибатида рўйхатга олинган товар белгиларини бекор қилиш бўйича даъво муддатини бекор қилиш;
  • маҳаллий ва хорижий талабнома топширувчиларга интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир хил имконият яратиш, хусусан, патент божи миқдорларини норезидентлар ва резидентлар учун бирхиллаштириш, шунингдек, мазкур янги ставкаларни жисмоний ва юридик шахслар кесимида белгилаш;
  • ихтиро ва фойдали моделларни давлат рўйхатидан ўтказишда II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган патент божининг 90 фоизи, таълим олувчи шахсларга, илмий ва илмий-педагогик ходимларга 30 фоизи, юридик шахс бўлган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотларига ва илмий ташкилотларга 25 фоизи миқдорида имтиёзлар бериш;
  • оригинал дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, хусусан, дори воситасини яратиш жараёнида ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида олинадиган клиник олди ва клиник синовлар натижаларини ҳимоя қилиш;
  • саноат мулки объектларидан табиий офатлар, ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатларда фойдаланилган ҳолатларда ҳам ҳуқуқ эгасига белгиланган миқдорда товон пули тўланиши.

Мавзуга оид