Ўзбекистон | 17:11 / 16.02.2024
6145
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Bar-VIPS дори воситасининг сертификатлаштирилмаган серияси сотувга чиқарилгани аниқланди

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларни огоҳликка чақириб, 520723 серияли Bar-VIPS препарати аниқланганида уни зудлик билан сотувдан чиқариб ташлашни сўрамоқда.

Фото: ССВ

“VIPS-MED” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган, оғиз орқали юбориш учун суспензия тайёрлаш кукуни шаклидаги Bar-VIPS препаратининг сертификатлаштирилмаган 520723 серияси сотувда аниқланган. Ҳозирда марказ лабораториясида мазкур дори воситасининг сифати текширилмоқда. Бу ҳақда ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда Bar-VIPS дори препаратининг 500820, 530820, 510820, 520820, 540820, 370622, 380622, 480722 серияларини тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган. Уларнинг сифатини тасдиқловчи тегишли мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.

Ўзбекистон ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублигидан, мулкчилик ва бошқарув шаклидан қатъи назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақириб, Bar-VIPS препаратининг сифатини тасдиқловчи тегишли мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган, шу жумладан 520723 серияси, (яроқлилик муддати 08.2025) аниқланганда уни зудлик билан сотувдан чиқариб ташлашни сўраймиз”, дейилади марказ хабарида.

Шунингдек, марказ соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларидан “VIPS-MED” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган томонидан ишлаб чиқарилган Bar-VIPS дори воситасини тиббий мақсадларда қўллашда ўрамда кўрсатилган серияларга эътибор беришни сўраган.

Олдинроқ Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Наманганда фелдшер тайёрлаб сотган «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте» ва «Витамин B6» номли қалбаки дорилар Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилганидан огоҳлантирганди.  

Мавзуга оид