Журналист – ким? Журналистика нима учун керак?
Бу саволларни ривожланган жамиятларда ҳеч ким бермайди. Чунки уларнинг жавоби – ижтимоий зеҳниятда аллақачон чуқур илдиз отган. Бизда эса бу саволлар ҳали ҳам ўртага чиқиб туради. Оддий фуқаро учун журналистиканинг аҳамияти мавҳум бўлса майли эди, лекин бизда ОАВга нисбатан “ўзига хос” муносабат ҳатто унча-мунча соҳа ё ҳудудларни “ушлаб турган” одамларда ҳам кузатилади. “Шарипов формати”да шу мавзу мулоҳаза қилинади.
Масалан, яқинда Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев блогер ва журналистларга нисбатан “ОПЖ” – русчадан таржима қилганда “уюшган жиноий журналистлар” иборасини ишлатди. Эмишки, журналист ва блогерлар ўзаро келишган ҳолда унга – Ортиқхўжаевга қарши информацион хуружлар уюштирар экан, ва бунда у аламзадалик аломатларини кўраётган экан. Ва бу ерда у “жиноий” сўзини ишлатяпти...
Хўш, журналист ким? Журналистика – нима? Агар мамлакатда мустақил журналистика бўлмаса, нима бўлади? Бу саволга жавоб бериш учун охирги 7-8 йил ичида Ўзбекистонда камчиликларни бартараф қилиш йўлида журналист ва блогерлар қўшган ҳиссани санаб ўтиш керак бўлади. Аммо бу ерда битта қийинчилик бор – бунинг жисмонан имкони йўқ – журналист ва блогерлар шу йилларда оммага очган муаммо ва камчиликларни санаб чиқиш имконсиз. Аммо…
Аммо санаш шарт эмас – бироз бўлса-да дунёдан хабардор ҳар қандай ўзбекистонлик тушуниб турибди – мана шу 7 йил ичида журналист ва блогерлар ҳазилакам ҳисса қўшмади муаммоларни кўтариб, ҳал қилинишида. Бундан кўпроғи ҳам ҳал қилиниши мумкин эди, аммо бу бошқа “қўшиқ”нинг сатрлари – уни бугун айтмаймиз.
Ҳа, блогерлар ичида “бизнесмен” блогерлар ҳам чиқди ва бу ҳам табиий жараён. Лекин бу сўз эркинлиги воситасида эришилган ютуқларга соя ташлай олмайди – ютуқлар сони чексиз.
Хўш, журналист ким? Аксарият касб эгалари ишини бажариб, уйига келиб дам олади. Журналистни эса у бугун чиқарган мақоласи ёки видеоси тарк этмайди: одамларга қизиқ бўладими, ўқийдими-йўқми, кўрадими-йўқми, у ёқдан у танқид қилиб қўйган каттакон идораларнинг у ёки бу тарзда кўрсатадиган камида маънавий босими, бу ёқдан у думини босиб қўйган нуфузли шахслар ёки компаниялар. Бу ҳаммаси кўпинча битта инсон – журналистнинг, кўпинча мурғак бир ёш қалбнинг гарданига тушади. Ҳаммаси жамиятдаги муаммоларни ёритиш учун, ўртача бир ўқитувчининг ойлиги эвазига.
Журналист юки – оғир юк. Ва халқнинг дарди билан ёнмаган одам журналист бўлолмайди – имкони йўқ бунинг. Сиз ҳозир ишингизни тугатиб, дам олиш асносида бехавотир бу видеони кўраётган пайтингизда, журналист қалбини минг-бир туйғу чўлғаган, ўз уйида ҳам бехаловат – кўпнинг юки оғир, аммо уни кўтариш – шараф.
Бу айтганларим журналист ва журналистика ҳақида бир луқма холос. Мавзу кенг ва концептуал. Битта нарсани ҳамма тушуниши керак – журналист ва блогерларнинг жамиятга теккан фойдаси алоҳида бир тадбиркор қилган ишлардан минг чандон ортиқ.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
21:49 / 12.12.2024
Австралия интернет компанияларни маҳаллий ОАВ контенти учун пул тўлашга мажбур қилади
16:05 / 16.11.2024