Ўзбекистон | 19:12 / 17.02.2024
14655
2 дақиқада ўқилади

“Зарарни Ҳиндистондаги завод тўлаб берсин” – “Док-1 Макс” иши бўйича суддан репортаж

“Док-1 Макс” иши бўйича ўтказилган навбатдаги суд мажлисида сироп истеъмолидан сўнг ногирон бўлиб қолган болаларнинг ота-оналари нутқи тингланди. Улар талаб қилинган компенсация пулларини ундиришда асосий эътиборни Ҳиндистон компаниясига қаратишни сўрамоқда.

“Док-1 Макс” иши бўйича суд музокаралари давом этмоқда. 16 феврал куни ўтказилган навбатдаги суд мажлисида сиропдан заҳарланган болаларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари нутқ сўзлади.

Ногирон бўлиб қолган болалардан бирининг отаси Феруз Нуритдинов етказилган зарарни Ҳиндистон компаниясидан ундириб беришни сўради.

“Бу ерда адвокатлар кўпчиликнинг айби йўқ деяпти. Энди айби борми-йўқми, биз ҳам билмаймиз. Лекин боланинг кейинги тиббий муолажаларини, олган тан-жароҳатини ҳисобга олиб, булардан эмас, ўша Ҳиндистондаги заводдан ундириш чораларини кўриш керак. Ҳозир бу ерда ўтирганларнинг кўпчилиги бегуноҳ. Асосий эътибор Ҳиндистон фирмасига қаратилмаяпти. Агар Ҳиндистоннинг дориси мана шу ерга келиб, таркибида заҳарли модда бўлмаганида, ҳозир бу инсонлар шу ерда ўтирмаган бўларди”, деди Феруз Нуритдинов.

Шундан сўнг яна бир жабрланувчининг қонуний вакили Ҳабибулло Йўлдошев гапирди. Суд 2024 йил 19 февралга қадар танаффус эълон қилди.

Навбатдаги суд музокарасида судланувчиларга сўз берилади.

Эслатиб ўтамиз, прокурор 68 нафар вафот этган, 16 нафар оғир тан жароҳати олган болалар учун судланувчилардан 100 млн сўмдан, 2 нафар енгил тан жароҳати олган болалар учун эса 20 млн сўмдан товон пули ундиришни сўраганди.  

Мавзуга оид