Жаҳон | 13:28 / 19.02.2024
3853
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари: Украинани НАТОга таклиф қилиш кун тартибидан олиб ташланмаган

Бу йил Киевни НАТОга таклиф этиш беқарорликка қарши ҳимоя ва кейинги ёрдам кафолати бўлиши мумкин, деди Олга Стефанишина Мюнхен хавфсизлик конференциясида.

Фото: Petras Malukas/AFP/Getty Images

Алянснинг июл ойида АҚШда бўлиб ўтадиган саммитида Украинани НАТОга таклиф қилиш масаласи кун тартибидан чиқарилмаган. Бу ҳақда Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина 18 феврал, якшанба куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида маълум қилди. «Ҳеч қандай келишмовчиликлар йўқ, бизнинг позициямиз аниқ - Украинани НАТОга таклиф қилиш керак. Бу масала кун тартибидан олиб ташланган эмас. Ва у қабул қилинмагунча кун тартибида қолади», - дея таъкидлади у.

Бу йил Киевга юбориладиган таклиф беқарорликка қарши маълум бир суғурта ва Украинага кейинги ёрдам кафолати бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Стефанишина. НАТОнинг янги бош котиби бу жараён динамикасини ўзгартирмайди, дея қўшимча қилди украиналик расмий. «Биз маълум шахсларга таянган даврлардан ўтиб кетдик. НАТОнинг Вилнюс саммитида аниқ дастурлаштирилган жараён кузатилмоқда», - дея тушунтирди у.

Шу билан бирга, АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Жулианн Смит бир неча кун олдин Украина июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган саммитда Шимолий Атлантика алянсига таклиф олмаслигини тан олди. Унинг сўзларига кўра, иттифоқчилар Киев билан яқинлашувни намойиш этади ҳамда Украинанинг НАТОдаги ҳозирги мақоми ва тўлиқ аъзолик ўртасида «кўприк бўлиб хизмат қиладиган аниқ қадамлар» қўяди. 9-11 июл кунлари Вашингтонда иттифоққа аъзо давлатларнинг 75-саммити бўлиб ўтади.

Мавзуга оид