Ўзбекистон | 14:21 / 20.02.2024
5430
2 дақиқада ўқилади

Туризм қўмитаси зиммасига қўшимча вазифалар юкланди

Президентнинг «Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фото: KUN.UZ / Муҳаммаджон Ғаниев

Ҳужжатга кўра, Туризм қўмитаси зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:

ҳудудларда туризм бозорининг турли сегментларига мўлжалланган ва ҳунармандчилик фаолиятининг ҳар бир йўналишини ривожлантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
миллий ҳунармандчилик, айниқса сувенир маҳсулотларининг рақобатбардошлиги ва сифатини, туристлар учун улар жозибадорлигини янада ошириш, шунингдек ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш;
ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш ва экспортни рағбатлантириш учун қулай шароитларни яратишга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштириш, халқаро меъёр ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш.
 
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • 2024 йилда Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 2024 йилда хорижий туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш режа-жадвали;
  • Хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини янада ошириш, шунингдек зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича «Йўл харитаси»;
  • Хитой Халқ Республикаси, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Араб давлатлари ва Россия Федерациясидан туристларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури.

Мавзуга оид