Ўзбекистон | 19:42 / 20.02.2024
35042
16 дақиқада ўқилади

Умри қисқа бўлган Туркистон мухторияти. Унинг етакчилари тақдири қандай кечган?

Бундан 106 йил муқаддам, 1918 йил 19 феврал куни Марказий Осиёда тузилган биринчи демократик давлат – Туркистон мухторияти болшевиклар томонидан йиқитилади. Шундан сўнг бир неча кун Қўқон ва унинг атрофидаги ҳудудларда болшевиклар ва арман дашноқлари томонидан «тозалаш» ўтказилади ва кўплаб одамлар қириб юборилади. Қуйида Туркистон мухториятининг тузилиши ва йиқитилишига доир маълумотлар тақдим этилади.

Фото: Kun.uz

XIX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб Марказий Осиё ҳудудлари аста-секинлик билан Россия империяси томонидан босиб олина бошланганди. Аввалига Қозоқ хонлиги йиқитилади ва унинг ҳудуди империя таркибига қўшиб олинади.

Аср ўрталарига келиб империя Қўқон хонлиги ҳудудига ҳужум қила бошлайди. Охир-оқибат 1860 йилда Пишпак (ҳозирги Бишкек), 1864 йилда Авлиё Ота (ҳозирги Тароз) ва Чимкент, 1865 йилда Тошкент руслар томонидан эгалланади.

Кўп ўтмай Қўқон хонлиги бутунлай тугатилади ва унинг ҳудуди тўлиқ Россияга қўшиб олинади. Минтақадаги Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги вассал давлатларга айлантирилади. Чор Россияси ўзи эгаллаган ҳудудларда бир нечта генерал-губернаторлик тузади.

ХХ аср бошига келиб Россияда вазият ўзгара бошлайди. Мамлакатда монархияга, жумладан Николай II бошқарувига қарши ҳаракатлар кучаяди.

Бу ҳаракатлар орасида Россияни ишчи ва деҳқонлар республикасига айлантиришни мақсад қилган болшевик ишчилар социал-демократик партияси (РСДРП(б) деб ҳам юритилади) алоҳида ажралиб турарди.

Бу ҳаракат Россия ва Европадаги аксарият мамлакатлар 1914 йилда бошланган жаҳон уруши билан овора бўлиб турганида Николай II’ни тахтдан ағдариш йўлида жиддий ҳаракатлар бошлайди.

Уруш туфайли ҳолдан тойиб бораётган империянинг турли ҳудудларида урушга ва монархияга қарши намойишлар авж олади. Охир-оқибат 1917 йил феврал ойида Россияда инқилоб амалга оширилади.

Император Николай II чорасиз қолиб, тахтдан воз кечишга мажбур бўлади ва ҳокимият вақтинчалик муваққат ҳукумат қўлига ўтди.

Шундан сўнг болшевиклар янада фаоллашиб, ҳокимиятни муваққат ҳукуматдан тортиб олиш учун ҳаракат бошлашади. Чор Россияси империяси парчаланиши муқаррар бўлиб қолади.

ХХ аср бошларида Россия империяси шундай кўринишда бўлган. Ўша пайтда Бухоро амирлиги, Хива хонлиги ва Тива империя таркибига кирмаган. Аксинча, Финландия ва Полша Россия таркибида бўлган.

Энг аввал империя таркибидан Полша ва Финландия чиқиб кетади. Сўнг Россия қўл остида бўлган Кавказ ва Марказий Осиёда миллий давлатлар тузишга киришилади.

Жумладан, Марказий Осиё шимолида Алаш Ўрда, ҳудуднинг марказий ва жанубий қисмида Туркистон мухторияти тузиш учун ҳаракатлар бошланади. Бироқ ҳар икки давлат ҳам узоқ яшамайди.

Туркистонда мустақиллик учун ҳаракатлар

Николай II ағдарилиб, ҳокимият муваққат ҳукумат ихтиёрига ўтганидан сўнг Туркистон ўлкасида ҳам турли сиёсий ҳаракатлар фаоллашади. Улар қаторида халқ орасида таъсир доираси энг катта бўлганлари «Шўрои исломия» ва «Шўрои уламо» ҳаракатлари эди. Бу икки ҳаракат ҳам Николай II тахтдан қувилгандан сўнг ташкил этилганди.

1917 йил октябр ойида болшевиклар Россияда давлат тўнтариши уюштиришади. Муваққат ҳукуматни ағдариб ташлаб, ҳокимиятни ўз қўлларига олишади.

Туркистоннинг турли шаҳарларида, жумладан, ўлканинг сиёсий пойтахтига айланиб улгурган Тошкентда ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар кучаяди. «Шўрои исломия» ва «Шўрои уламо» ҳаракатлари Туркистонда миллий давлатчиликни ташкил этиш учун йиғинлар уюштира бошлайди.

Бироқ болшевиклар Россиянинг чекка ҳудудларида жойлашган ерларини шунчаки бериб қўймоқчи эмасди. Шу сабабли Тошкентда ҳокимиятни темирйўл ишчиси Колесов бошчилигидаги Туркистон ишчи-деҳқон совети эгаллаб олади ва Туркистон халқ комиссарлари советини тузади. Бу ташкилот таркибида бирорта ҳам маҳаллий миллат вакили йўқ эди.

Шундан сўнг Туркистонда миллий давлатчилик тузиш истагида бўлган ҳаракатлар кучли босим остида қолади ва қароргоҳларини Қўқонга кўчиришга мажбур бўлди.

Қўқондаги майдон, ХХ аср бошларида

Қурултой ва Туркистон мухторияти

1917 йил 26–28 ноябр кунлари Қўқон шаҳрида катта қурултой бўлиб ўтади. «Умумтуркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи» деб номланган йиғилишга Марказий Осиёнинг барча ҳудудларидан вакиллар чақирилади.

Йиғилишда қатнашаётган кўпчилик мусулмон зиёлиларнинг хоҳиш-истаги билан Қурултойга Туркистон ўлкасида яшовчи Европа миллатига мансуб вакиллар ҳам қатнашди.

Қурултойда асосий муҳокама Туркистон келажаги ҳақида бўлади. Вакиллар Туркистонни мустақил давлат деб эълон қилиш ёки Россия таркибида мухтор республика сифатида қолдириш масаласини кўриб чиқишади.

Охир-оқибат кўпчилик вакиллар Туркистон ўлкасини Россия таркибида мухтор республика деб эълон қилиш керак деб овоз беришади. 1917 йил 27 ноябр куни бу ҳақда қарор қабул қилинади.

Қарорда шундай дейилганди: «Туркистонда яшаб келаётган турли миллатга мансуб аҳоли Россияда инқилоб содир этган болшевиклар томонидан халқларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ўзлари белгилаш ҳақидаги гапларидан келиб чиқиб, Туркистонни Россия совет федератив социалистик республикаси таркибида мухтор ҳудуд деб эълон қилади».

28 ноябр куни давом этган йиғилишда қурултойга келган вакиллар Туркистонда ташкил топаётган янги мухтор давлатнинг номи «Туркистон Мухторияти» деб аталиши учун овоз беради.

Шунингдек, Туркистон ўлкасида ҳокимият Туркистон Мухторияти муваққат кенгаши ва Туркистон Мухторияти халқ мажлисига ўтиши ҳақида қарор қабул қилинади.

Туркистон мухторияти ҳукумати таркиби

Туркистон мухторияти ҳукумати таркибига Туркистон мухторияти муваққат кенгаши аъзолари орасидан 12 киши танлаб олинади. Мухторият миллий мажлисига 32 кишидан иборат вакил сайланади.

Мухторият муваққат ҳукумати таркиби қуйидаги шахслардан иборат бўлади:

Муҳаммаджон Тинишбоев – бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ Россия давлат думаси аъзоси, Муваққат ҳукумат Туркистон қўмитаси аъзоси, темирйўл муҳандиси, миллати қозоқ;

Ислом Султон Шоаҳмедов – бош вазир ўринбосари, Бутунроссия мусулмонлари кенгаши марказий қўмитаси аъзоси, ҳуқуқшунос, миллати татар;

Мустафо Чўқай – ташқи ишлар вазири, Муваққат ҳукумат Туркистон қўмитаси аъзоси, Туркистон ўлка Мусулмонлар шўроси раиси, ҳуқуқшунос, миллати қозоқ;

Убайдулла Хўжаев – Мудофаа вазири, Бутунроссия мусулмонлар кенгаши марказий қўмитаси аъзоси, ҳуқуқшунос, миллати ўзбек;

Ҳидоятбек Юрғули Оғаев – ер ва сув бойликлари вазири, агроном, миллати ўзбек;

Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳар Думаси раиси ўринбосари, жамоат арбоби, миллати ўзбек;

Абдураҳмон Ўрозаев – ички ишлар вазири ўринбосари, ҳуқуқшунос, миллати қозоқ;

Соломон Абрамович Герцфелд – молия вазири, ҳуқуқшунос, миллати яҳудий;

Маҳди Чанишев – қуролли кучлар қўмондони, миллати татар;

Ҳожи Муҳаммад Иброҳим Ҳожиев (кичик Эргаш) – Қўқон уезди милицияси бошлиғи, кейинчалик Маҳди Чанишев ўрнига мухторият қуролли кучлари қўмондони бўлган, миллати ўзбек.

Муваққат ҳукумат таркибига кириши лозим бўлган қолган тўрт ўрин европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ажратилди.

Туркистон мухториятининг йиқитилиши

Туркистон мухорияти тузилгач, ҳукумат вакиллари ҳудудларда мухторият тузилмаларини ташкил эта бошлашади. Таниқли ва тажрибали ҳуқуқшунослар жалб этилиб, Мухторият конституциясини тайёрлаш ишларига киришилади. Мухторият ҳукумати томонидан ўзбек, қозоқ ва рус тилларида ҳукумат газеталари нашр этила бошланади.

Янги ташкил этилган давлат учун учун мудофаа ишлари ҳам жуда долзарб эди. Шу сабабли ҳукумат армия ташкил этишга киришади. Мухторият мудофаа вазири Убайдулла Хўжаев қисқа муддатда 2 мингдан ошиқ аскарга эга армия тузади.

Шунингдек, ўша пайтда Қўқон уезди милиция отрядлари бошлиғи Эргаш қўл остида ҳам мухторият армиясига ёрдамга шай бўлган минглаб миршаб бор эди.

Туркистон мухторияти ҳукумати ўз тузилмаларини ташкил этар экан, болшевиклар томонидан Тошкентда ҳам алоҳида автоном республика тузиш ҳаракатлари бошланади.

1918 йил январ ойида Тошкентда Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг фавқулодда IV съезди бўлиб ўтади. Унда ўлка болшевикларининг Туркистонда РСФСР таркибига кирадиган автоном республика тузиш таклифи қабул қилинади. Улар бу давлатга Туркистон совет социалистик автоном республикаси (ТАССР) деб ном беришади.

Бундан ташқари, съездда Туркистон мухторияти ноқонуний тузилма деб эълон қилинади. Қўқонга ҳарбий юриш қилиб, мухториятни ағдариб ташлаш масаласида бир қарорга келинади.

Тошкентда болшевиклар томонидан тузилган мухторият аслида номига тузилган бўлиб, мақсад Туркистонни болшевикларга мутлақ бўйсундириш эди.

Қўқонда тузилган мухторият кучайиб кетса кейин уларни енгиш қийин бўларди. Буни яхши англаган Тошкент болшевиклари раҳбари Колесов Москвадан ёрдам кучлари юборишни сўрайди.

Марказ минтақага 11 та эшелонда 10 мингдан ошиқ аскар жўнатади. Уларга арман дашноқлари ҳам қўшилади. Аскарлар Тошкентга етиб келганидан сўнг Қўқонга юборилади.

Арман дашноқлари

1918 йил 30 январ куни Туркистон халқ комиссарлари совети бошчилигидаги армия Туркистон мухторияти ҳукуматини тугатиш учун Фарғона водийсида ҳарбий ҳаракатларни бошлайди.

Болшевиклар мухторият ҳукуматига таслим бўлиш ва ихтиёридаги армияни тарқатиб юбориш талабини қўяди. Мухторият ҳукумати бу талабга рози бўлмайди. Шундан сўнг 1918 йил 31 январ куни болшевиклар армияси ҳужум бошлайди.

Ўша пайтда Туркистон мухторияти армиясида қурол-яроғ, ўқ-дори етишмас, аскарлар маҳорати ҳам ҳаминқадар бўлган. Аксинча, болшевикларга тўхтовсиз ёрдам келиб туради. Шу сабабли мухторият армияси бирин-кетин мағлубиятга учрай бошлайди.

Қарийб уч ҳафта давом этган қақшатқич жанглардан сўнг 1918 йил 19 феврал куни Туркистон мухторияти армияси тамомила мағлубиятга учрайди. Оқибатда мухторият ҳукумати болшевиклар томонидан ағдариб ташланади. Штурм чоғида Қўқон вайрон қилинади.

Мухториятнинг юқори лавозимли амалдорлари ва вазирлари ҳам қўлга қурол олиб жангларда иштирок этади. Уларнинг айримлари ҳалок бўлади, бошқалари болшевиклар томонидан қўлга олинади.

Муҳаммаджон Тинишбоевнинг истеъфосидан сўнг мухторият ҳукумати раиси бўлган Мустафо Чўқай Қўқонни тарк этади ва яширинади.

Болшевиклар армияси ва улар билан бир сафда туриб мухторият армиясига қарши жанг қилган арман дашноқлари ҳеч кимни аямайди ва йўлида учраган одамларни қиличдан ўтказади.

Улар мухторият армияси аскарларидан ташқари Қўқон шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳолисидан 10 минг кишини ўлдиради. Қўқон эгаллангач дашноқ тўдалари Фарғона водийсига тарқалиб, Чуст, Бозорқўрғон, Марғилон ва бошқа жойларда қирғин уюштиради.

Шундан сўнг водийнинг турли ҳудудларида болшевиклар армиясига оддий халқ қарши чиқади ва озодлик учун жанглар бўлиб ўтади. Бу жанглар Туркистоннинг турли ҳудудларида 1930-йилларгача давом этади.

Ўзлари босқинчи бўлган ҳолда болшевиклар юрт озодлиги ва миллий истиқлол учун қўлига қурол олганларни «босмачилар» деб атай бошлайди.

Мухторият мағлуб бўлгач Туркистон ўлкаси тўлиғича Россия қўл остига ўтади. ТАССР 1924 йил Ўзбекистон ССР тузилганча яшайди ва ўша йили бир неча бўлакларга бўлиб юборилади.

Туркистон мухторияти йиқитилгач унинг ўрнида Туркистон АССР ташкил этилади.

Туркистон мухторияти ҳукумати аъзолари тақдири

Ислом Шоаҳмедов. Бош вазир ўринбосари бўлган Шоаҳмедов болшевиклар томонидан Қўқон босиб олинган пайтда ҳибсга олинади. «Улуғ Туркистон» газетасида 1918 йил баҳорида ёзилишича, у қамоқхонада қийноқлар натижасида ақлдан озган ва турма лазаретига кўчирилган. Кейинчалик қамоқдан чиққан.

Айрим маълумотларга қараганда, 1920 йили Ҳиндистонга жўнаб кетган, бироқ орадан кўп ўтмай касалланган ва юртига қариндошлари ҳузурига қайтган. Ислом Шоаҳмедов тахминан 1921 йилда вафот этган.

Мустафо Чўқай. Туркистон мухторияти йиқитилгач, Мустафо Чўқай Қўқондан қочиб Тошкентга боради, сўнг рафиқаси билан Россияга чиқиб кетади. Россияда вазият оғирлашгач Тбилиси орқали Туркияга, у ердан Францияга кетади.

Мустафо Чўқай турли халқаро анжуманларда иштирок этади ҳамда матбуотда инглиз, француз, поляк, рус, турк тилларида ўткир публицистик мақолалар билан мунтазам қатнашиб туради. Парижда унинг бир нечта китоблари чоп этилади.

Германия СССРга ҳужум қилган 1941 йил 22 июн куни нацистлар Париж атрофидаги Ножан шаҳарчасида яшаётган Мустафо Чўқайни қамоққа олишади ҳамда у 13 июлгача Компен ҳарбий лагерида тутқунликда сақланади. Мустафо Чўқай 1941 йил 27 декабрда Берлинда юқумли касаллик туфайли вафот этади.

Мустафо Чўқай хотини билан.

Убайдулла Хўжаев. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, мухторият ҳукумати тугатилгач, Убайдулла Хўжаев Ашхобод – Самарқанд йўлида болшевиклар қўлига тушиб қолади. Бироқ тез орада Оренбургга боради ва 1918 йил ноябрда Бошқирдистон мухторияти ҳукуматини тузишда фаол иштирок этади.

Убайдулла Хўжаев совет режими томонидан бир неча марта (1929, 1931, 1938) қамоққа олинган. У охирги марта 1938 йил 20 февралда Тошкентда ҳибсга олиниб, 1939 йил 14 майда 8 йил муддатга қамалган. Убайдулла Хўжаев 1942 йилда қамоқхонада вафот этади. Ўлимидан кейин совет ҳокимияти томонидан оқланган.

Ҳидоятбек Юрғули Оғаев. Ер ва сув бойликлари вазири бўлган Оғаев 1918 йилда февралда Қўқон шаҳрида Туркистон мухторияти армияси ва болшевиклар ўртасида бўлиб ўтган жанглардан бирида ҳалок бўлади.

Обиджон Маҳмудов. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, Туркистон мухторияти ағдарилгач озиқ-овқат вазири Обиджон Маҳмудов Бухорода болшевиклар қўлига тушиб қолади. 1918 йил майда Туркистон мухторияти ҳукумати аъзолари советлар томонидан афв қилингач, у Москвага бориб турли лавозимларда ишлайди.

1921 йилда Тошкентга қайтгандан сўнг, дастлаб Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитасида ишлайди. Сўнг Фарғона водийсига бориб, «Миллий иттиҳод» ташкилоти бўлимини тузган ҳамда советларга қарши фаолият олиб борган.

Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинади. Озодликка чиққач, орадан кўп ўтмай оғир хасталикка чалинади ва 1936 йил 21 ноябрда 65 ёшида Қўқонда вафот этади.

Абдураҳмон Ўразаев. Туркистон мухторияти йиқитилгач 1918 йил феврал ойи охирида ички ишлар вазири ўринбосари Ўразаев болшевиклар қўлига тушиб қолади. У кейинчалик болшевиклар партияси аъзоси бўлади ва Туркистон АССР ва Қозоғистон АССРдаги совет ҳокимияти идораларида турли лавозимларда ишлайди.

Соломон Герцфелд

Соломон Герцфелд. Туркистон мухторияти ҳукумати таркибида туб халқлардан бўлмаган ягона номзод сифатида кириб, молия вазири бўлади. Кейинчалик бу лавозимини Ислом Шоаҳмедовга топширади.

Мухторият ҳукумати ағдарилгач, 1918 йил 20 феврал куни Қўқонда болшевиклар қўлига тушиб қолади ва отиб ташланади.

Маҳди Чанишев. Полковник Маҳди Чанишев 1918 йил февралда Туркистон мухторияти ҳукуматида ҳарбий кенгаш раиси бўлган. Бу пайтда ҳарбий ишлар вазири Убайдулла Хўжаев Қўқонда бўлмагани учун ҳам Чанишев мухторият қўшинига қўмондонлик қилган.

Маҳди Чанишев болшевиклар ҳузурига музокаралар ўтказиш учун борганда қўлга олиниб, қамоққа ташланади. У Қўқон фожиалари пайтида Скобелев гарнизонидан қочишга уринганида отиб ташланади.

Ҳожи Муҳаммад Иброҳим Ҳожиев. «Кичик Эргаш» номи билан машҳур бўлган бу шахс 1918 йил феврал ойида болшевиклар армиясига қарши муносиб жанг қилган. У Қўқон яқинидаги Бачқир қишлоғида қизил аскарлар ва дашноқларга қарши бўлиб ўтган жанглардан бирида ўлдирилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид