Собиқ футболчи Дани Алвес 4,5 йилга қамалди
У бир йил олдин жинсий зўравонликда гумонланиб қўлга олингач, клуби шартномани бекор қилган, турмуш ўртоғи ажрашиш учун ариза берганди.
Испания суди «Барселона» жамоаси ва Бразилия миллий жамоасининг собиқ ҳимоячиси Дани Алвесни 2022 йил Барселонадаги тунги клубда аёл кишига жинсий зўравонлик қилишда айбдор деб топди.
Бразилиялик таниқли футболчи тўрт ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Каталония олий суди қарорига кўра, Алвес жабрланувчига 150 минг евро тўлаши ҳам керак.
Шунингдек, Дани озодликка чиққач, 5 йиллик шартли қамоқ жазосини ҳам ўтайди.
Суд жабрланувчи аёл жинсий алоқага розилик бермагани исботлангани, жинсий зўрлаш ҳолатини тасдиқловчи бошқа далиллар ҳам борлигини маълум қилган.
Алвес аввалига айбловни рад этганди, кейин эса барчаси икки томоннинг розилиги билан бўлганини айтишга тушганди.
Адвокат уни оқлашни сўраган, прокурор футболчини тўққиз йилга қамашни сўраганди. Алвес ҳали ҳукмдан шикоят қилиши мумкин.
Тарихдаги энг совриндор футболчилардан бири бўлган Алвес 2023 йил январида 23 ёшли аёлнинг аризаси асосида ҳибсга олинганди ва шундан буён қамоқда сақланаётганди.
Аёл футболчи 2022 йил 30 декабр куни Барселонадаги Sutton клубининг VIP-зонасида унга тегажоғлик қилганини айтиб берган, дея ёзган El Periódico de Catalunya газетаси. Аёлнинг сўзларига кўра, Алвес уни куч билан ваннахонага олиб кириб, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирган, калтаклаган ва зўрлаган.
Жиноий тергов фонида футболчининг рафиқаси Жоана Санс ажрашиш учун ариза берган ва жабрланувчи аёлнинг кўрсатмаларига ишонишини билдирган.
Унинг иши нафақат судланувчи ўриндиғида машҳур футболчи ўтиргани, балки гендер зўравонлик масаласи Испанияда оммавий мунозараларда тобора асосий мавзуга айланиб бораётгани ҳам жамоатчилик диққат марказига тушди, дея шарҳлайди Reuters.
Бу Испанияда 2022 йил қабул қилинган тегишли қонундан кейинги энг шов-шувли суд жараёнларидан бирига айланди, бу қонунга кўра жинсий зўравонлик ҳолатларида розилик асосий элементга айланган ва зўравонлик ҳужумлари учун бериладиган минимал қамоқ муддати оширилган.
Дани Алвес — сўнгги ўн йилликларнинг энг таниқли бразилиялик футболчиларидан бири бўлганди. У фаолиятининг катта қисмини — тўққиз мавсумни — «Барселона» сафида ўтказган. Шунингдек, Алвес Европада «Севиля» (2003-2008), «Ювентус» (2016–2017) ва «ПСЖ» (2017–2019) клублари учун ҳам ўйнаган. Фаолиятининг сўнгги қисмида Бразилиянинг «Сан-Паулу» жамоасида тўп сурган (2019–2021), 2022 йилда Мексиканинг «УНАМ Пумас» клуби аъзосига айланганди, аммо футболчи қўлга олинганидан кейин бу клуб у билан шартномани бекор қилди.
Алвес фаолияти давомида турли клублар билан жами 46 соврин қўлга киритган ва жаҳоннинг энг совриндор футболчиси саналарди. У «Барселона»да 2008–2016 йиллар мобайнида олти марта Ла Лигада, уч марта Чемпионлар лигасида ва тўрт марта Испания Кубогида ғалаба қозонган.
Мавзуга оид
15:58 / 03.10.2024
Янгийўлда 4 ёшли қизчани зўрлашда гумонланаётган шахс ушланди
21:21 / 18.06.2024
Қозоғистонда ўзбекистонлик жиянларига жинсий зўравонлик қилган эркак ушланди
23:05 / 11.05.2024
Наманганда 7 ёшли қизга уятсиз ҳаракат қилган 68 ёшли эркак қамоққа олинди
15:50 / 11.05.2023