Жамият | 15:58
13722
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда 4 ёшли қизчани зўрлашда гумонланаётган шахс ушланди

Унинг ёнида ва уйидан гиёҳвандлик моддалари топилган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Янгийўл туманида 41 ёшли шахс ёш қизчани зўрлагани, маҳаллий аҳоли уни ушлаганида ёнидан гиёҳвандлик моддаси топилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2 октябр куни Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс 2020 йилда туғилган И.М.га нисбатан ғайритабиий усулда зўрлик ишлатгани ҳақида маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида гумонланувчи шахс 1983 йилда туғилган фуқаро Б.Д. экани аниқланган.

Шунингдек, ўрганишлар жараёнида гумонланувчи Б.Д.нинг ёнида 15 грамм гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, унинг Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган яшаш хонадони холислар иштирокида текширилган.

Натижада хонадон ошхонасидан 20 дан ортиқ елим идишларда, майдаланган ва қуруқ ҳолдаги марихуана гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми ва 25/273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Б.Д. процессуал тартибда ушланган.

Айни пайтда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.

Аниқланишича, айбланувчи шахс Б.Д. 2021 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда туради.

Мавзуга оид