Жаҳон | 16:08 / 26.02.2024
7637
4 дақиқада ўқилади

Оқ уй Россиянинг президентлик сайловларига эҳтимолий аралашувидан хавотирда

Жейк Салливаннинг айтишича, Жо Байден маъмурияти Россия сайловларга аралашиши мумкинлигидан «албатта, хавотирда». У бу қўрқувларнинг асослилигига далил келтирмади.

Фото: Urmet Kook

Вашингтон Россиянинг АҚШда ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига аралашувидан «хавотирда». Бу ҳақда 25 феврал, якшанба куни Американинг NBC News телеканалидаги «Матбуот билан учрашув» дастурида АҚШ президенти миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.

«Бугун мен далил ҳақида гапира олмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, албатта, хавотирлар бор. Бу ерда Россия Федерацияси, унинг разведка хизматларига тегишли президентлик сайловлари нуқтайи назаридан ҳам фон мавжуд. Хавотирга тушиш учун жуда кўп сабаблар бор, - деди у Салливан. - Гап сиёсат ҳақида эмас. Гап миллий хавфсизлик тўғрисида боряпти. Гап Америка Қўшма Штатлари сиёсати ва демократиясини манипуляция қилишга интилаётган хорижий давлат, хорижий душман ҳақида».

Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Оқ уй сайловга аралашув олдини олиш ва Конгрессдаги ҳар икки партия вакиллари билан алоқа ўрнатиш учун «ҳушёр» бўлишини қўшимча қилди, «чунки бу (миллий хавфсизлик) - сиёсатдан юқорироқ туриши керак».

2023 йил октябр ойида АҚШ разведка агентликлари Россия ўзининг жосуслар тармоғи, давлат оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, сайловларга жаҳон жамоатчилиги ишончини сусайтираётгани ҳақида ҳисобот эълон қилди. Ўшанда бу ҳисобот Европа, Осиё, Африка ва Шимолий Америкадаги юзга яқин давлат элчихоналарига юборилди.

Путин Байден АҚШ президенти сифатида Россия учун афзалроқ эканини айтди

АҚШда президентлик сайловлари 2024 йил 5 ноябрда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Россия президенти Владимир Путин 15 феврал куни «Москва. Кремл. Путин» дастури муаллифи Павел Зарубинга берган интервюсида АҚШ президенти сифатида Россия учун ким яхшироқ – ҳозирги давлат раҳбари Жо Байденми ёки Доналд Трампми, деган саволга шундай жавоб берди: «Байден. У тажрибали, ҳаракатларини олдиндан айтиш мумкин, эски формациянинг сиёсатчиси. Лекин биз Америка халқи ишонч билдирадиган ҳар қандай АҚШ раҳбари билан ишлаймиз».

Бир неча кундан кейин, 21 февралда Оқ уй раҳбари Сан-Францискодаги кичик ҳомийлар гуруҳи олдида сайловолди ташвиқоти чоғида сўзга чиқиб, Владимир Путин ҳақида гапирди. Ядровий тўқнашув таҳдиди доимо мавжудлиги, лекин инсоният учун экзистенциал таҳдид иқлим ўзгариши эканлигига эътибор қаратган Байден: «Бу энг сўнгги экзистенциал таҳдид - иқлим. Бизда Путин ва бошқалар бор. Биз ядровий можаро туфайли доимо ташвишланишимиз керак, аммо инсоният учун экзистенциал таҳдид иқлимдир».

Шундан сўнг Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ президенти бундай қўполликдан «уялиши» кераклигини айтди. Бироқ, Путиннинг ўзи, афтидан, хафа бўлмаган. 

«Сиз мендан Америка Қўшма Штатларининг бўлажак президенти сифатида биз учун ким афзалроқ, деб сўрадингиз ва мен ҳар қандай президент билан ишлашимизни айтдим, лекин биз учун, Россия учун Байден афзалроқ, деб ҳисоблайман, - деди у 22 феврал куни журналист Зарубин билан суҳбатда. - Ва унинг (Жо Байден) айтган сўзларига қараганда, мен мутлақо ҳақман, чунки бу менинг айтганларимга адекват муносабатдир. У менга: «Володя, яхши, раҳмат, менга кўп ёрдам бердингиз», дея олмайди. Биз у ерда нима содир бўлаётганини ички сиёсий нуқтайи назардан тушунамиз ва бу реакция мутлақо адекват, демак, мен ҳақ эдим».

Мавзуга оид