Ўзбекистон | 18:46 / 01.03.2024
3774
2 дақиқада ўқилади

Миллий руҳ ва ғурур ёшларнинг энг кучли қуроли бўлиши керак – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев 1 март куни Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейни бориб кўрди. 

Таълим муассасаси 2023-2024 ўқув йилидан фаолият бошлаган. 300 ўринли бинода ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратилган. Улар бу ерда аниқ фанлар йўналишида икки йил таълим олади. 

Ўқув хоналари мултимедиа ва коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Лицей ахборот-ресурс марказида 7 мингдан ортиқ ўқув ва бадиий китоблар, 11 мингдан ортиқ электрон адабиётлар бор. У вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тармоғига уланган. Шунингдек, бу ерда Жалолиддин Мангуберди музейи, ёпиқ турдаги спорт зал ҳамда очиқ майдондаги спорт шаҳарчаси, саф майдони, ошхона ва ётоқхона мавжуд. 

Ўқувчилар дарсдан ташқари ўндан ортиқ фан, ахборот технологиялари, ижодий тўгараклар ҳамда спорт машғулотларида иштирок этади. Бепул кийим-кечак, тўрт маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. 

Давлат раҳбари муассаса, бу ердаги таълим жараёнлари билан танишди. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Жалолиддин Мангубердининг ватанпарварлиги, жасорати ёш авлод учун ибрат эканлиги таъкидланди. 

- Бу ерда аниқ фанлар ўқитилиши яхши. Шу билан бирга, дарс жараёнларида ватанпарварлик тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, қадриятларимизни ҳам ўргатиш лозим. Шундай бўлиши керакки, миллий руҳ ва ғурур ёшларнинг энг кучли қуроли бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Ҳарбий-жанговар қудрат, юксак маънавий салоҳият юрт ҳимоячиларининг муҳим таянчи эканига урғу берилди. 

Лицей Урганч давлат университети ҳамда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти билан ҳамкорлик ўрнатган. Шунингдек, Урганч шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Бу ташаббусни бошқа мактаблар билан ҳам кенг кўламда ташкил этиш режалаштирилган. 

Шунинг билан Хоразм вилоятига ташриф якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

Мавзуга оид