Жаҳон | 15:06 / 05.03.2024
5624
3 дақиқада ўқилади

Бербок Киевга ёрдам бериш учун «барча воситалар»ни кўриб чиқишга чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Барбок яна бир бор билвосита узоқ масофага учувчи TAURUS ракеталарини Украинага топшириш ҳақида гапириб, РФ раҳбариятининг «йўқ қилиш уруши»га ишора қилди. Канцлер Шолц бу имкониятни рад этяпти. 

Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Германияда Украинани TAURUS қанотли ракеталари билан таъминлаш имконияти бўйича давом этаётган муҳокамалар чоғида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ўзини Россия кенг кўламли ҳужумидан ҳимоя қилаётган мамлакатга ёрдам бериш учун ишлатилиши мумкин бўлган «барча воситаларни» синчиклаб текширишга чақирди. Бербок 4 март, душанба куни Черногорияда Россия «қирилиш уруши» олиб бормоқда ва Германия халқаро ҳуқуқ доирасида мумкин бўлган барча ҳарбий ёрдамни тақдим этиш вариантларини ўрганиши керак, деди

Шу билан бирга, ҳарбий ёрдамнинг фактик асослари аниқ, дея таъкидлади немис вазири доимий ҳаво рейдларини келтириб, улар одамларнинг кундалик ҳаётини ниҳоятда чеклаб қўйган. Шу тариқа, Бербок яна бир бор билвосита, бошқа нарсалар қатори, Германия канцлери Олаф Шолц ҳали ҳам рад этаётган Украинага узоқ масофали қуролларни етказиб беришни қўллаб-қувватлади. 

Шолц TAURUS ракеталарини Киевга топширишдан бош тортди 

Украина катта ўқ-дорилар танқислигидан азият чекмоқда ва бир неча ой давомида Германиядан узоқ масофали TAURUS тизимларини сўрамоқда. Бироқ, Шолц бу сўровларни рад этяпти. 4 март куни у яна бир бор бундай ракеталарнинг Киевга берилишига кескин қарши чиқди. «Жуда узоқ масофага мўлжалланган қуролларни етказиб бериш ва уларни қандай бошқариш ҳақида ўйламаслик мумкин эмас. Назорат эса фақат немис аскарлари иштирокидагина бўла олади, бу эса мутлақо мумкин эмас», - деди канцлер. 

Шолц TAURUS ракеталарини Украинага топширишдан бош тортишини Германия Россиянинг Украинага қарши урушига жалб қилинишидан қўрқиш билан изоҳлаяпти. Айни пайтда, сўнгги кунларда Бундесверда бўлган зобитлар ўртасида Қрим кўпригига TAURUS ракеталари билан ҳужумлар уюштириш эҳтимолини муҳокама қилаётган суҳбати аудиоёзувининг сиздирилиши атрофида можаро авж олди. Берлин суҳбат тутиб олинганини тан олди, бироқ унинг мазмунига изоҳ бермади.

Шу билан бирга, Шолц яқинда бир неча бор Киевга янада қатъий ёрдам беришни қўллаб-қувватлаган. «Биз Украинани озодлик учун курашда қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак», деди Германия ҳукумати раҳбари январ ойи охирида Бундестагда. Европадаги чегаралар бошқа ҳеч қачон куч билан ўзгартирилмаслиги керак ва Германия бунинг олдини олиш учун ўз вазифасини бажаришда давом этади, деди у. Бу «Европада тинчлик ва хавфсизликка содиқлигимизни ифодалайди», деб тушунтирди Шолц. «Биз кўпроқ мамлакатлар бунда фаол иштирок этишини, жумладан, қурол-яроғ етказиб беришини истаймиз», деди у. Канцлернинг сўзларига кўра, Киевга етарлича ёрдам бермаётган Европа Иттифоқи мамлакатларини атайин номма-ном келтирмаяпти, уларнинг позицияси ўзгаришига умид қиляпти. 

Мавзуга оид