Тошкент вилоятида вояга етмаган қизга ножўя СМСлар ёзган 59 ёшли эркак 5 суткага қамалди
Юқори Чирчиқ туманида 12 ёшли қизга СМС хабарлар ёзиб, шаҳвоний шилқимлик қилиб келган 59 ёшли эркак 5 суткага қамалди.
1 март куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман судида вояга етмаган қиз телефон рақамига СМС ёзиб, шаҳвоний шилқимлик қилган эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди. Gazeta.uz суд қарори ҳужжатини ўрганди.
Суд материалига кўра, 2024 йил 5 феврал куни Юқори Чирчиқ тумани Янгибозор қўрғонида 12 ёшли қиз мактабдан чиқиб кетаётиб, манзилига етиб олиш учун машина тўхтатган. Шу вақтда 1965 йилда туғилган А.Н. ўзининг бошқарувидаги машинасини тўхтатиб, қизни уйига олиб бориб қўйиш жараёнида унинг телефон рақамини олган. Сўнгра у қизга феврал ойининг турли кунларида шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлардан иборат СМС хабарлар ёзиб, шаҳвоний шилқимлик қилиб келган.
Қизнинг отаси бундан хабар топиб ички ишлар бўлимига мурожаат қилган ва ҳолат юзасидан А.Н.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Судланувчи ушбу ҳаракатларни содир этганини тан олиб, ёмон нияти бўлмаганини, қилмишидан пушаймон эканини билдириб, енгиллик беришни сўраган.
Суд томонидан А.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида (Шаҳвоний шилқимлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Жазо ўталганидан сўнг А.Н.дан Тошкент вилоят ИИББ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қабулхонаси фойдасига сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни 51 минг сўмдан 5 кун, жами 255 минг сўм сақлаш билан боғлиқ харажатлар ундирилиши белгиланди.
Мавзуга оид
21:12 / 14.12.2024
Тошкент вилоятида 649 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди
16:06 / 11.12.2024
Форишда 64 ёшли эркак ўқитувчи вояга етмаган ўқувчи қизга шилқимлик қилди
11:45 / 06.12.2024
Лордан стоматологга: тиш даволатишга келган бемор шифокор шилқимлигига учради
18:09 / 25.10.2024