Хитой ЯИМ ўсиши 5 фоиз даражасида бўлишига умид қилмоқда
Таҳлилчилар фикрича, Пекиннинг ЯИМни 5 фоиз атрофида ушлаб туриш мақсадига эришиш қийин бўлади. Бош вазир Ли Цян бу осон бўлмаслигини тан олди.
Хитой 2024 йилда мамлакат иқтисодий ўсиш суръатини беш фоиз атрофида ушлаб туришни мақсад қилган. Хитой бош вазири Ли Цян 5 март, сешанба куни Пекинда бўлиб ўтаётган Бутунхитой халқ вакиллари йиғилишининг йиллик сессияси бошланишида бу ҳақда маълумот берди. Кузатувчиларга кўра, ушбу улкан мақсадга эришиш қийин бўлади.
Лининг сўзларига кўра, Хитой ялпи ички маҳсулоти 2023 йилда 5,2 фоизга ошиб, ўсиш суръатлари бўйича дунёнинг энг йирик иқтисодлари қаторига кирди. Бироқ, бу пандемия даврини ҳисобга олмаганда, сўнгги ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткичдир.
Давлат кенгаши бош вазири 3000 делегат олдида нутқ сўзлаб, ЯИМ ўсишини ўтган йилги даражада ушлаб туриш мақсадига эришиш «осон бўлмаслиги» ҳақида огоҳлантирди. «Хитой иқтисодиётининг барқарор тикланиши ва ўсиши учун пойдевор етарли даражада мустаҳкам эмас», - деди у.
Хитой ҳарбий бюджети 7,2 фоизга ошади
Хитой иқтисодиёти истеъмолчиларнинг салбий кайфияти ва хорижда Хитой маҳсулотларига талаб заифлиги, кўчмас мулк соҳасида давом этаётган инқироз ва ёшлар ўртасидаги ишсизлик юқори даражаси билан курашмоқда, дея хабар беради AFP.
Ли Цян тақдим этган ҳукумат ҳисоботига кўра, Хитой ҳукумати жорий йил учун инфляция даражасини уч фоизга кўтаришни мақсад қилган, шаҳарларда 12 миллиондан ортиқ иш ўрни яратиш ва ишсизлик даражасини 5,5 фоиз даражасида ушлаб туриш ниятида.
Шу билан бирга, Хитойнинг ҳарбий бюджети - дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турадиган бюджетни 7,2 фоизга оширилади. Пекин мудофаа учун 1665,5 миллиард юан (213 миллиард евро) сарфлашни режалаштирмоқда.
Мавзуга оид
17:32
Хитойда янги оила қуриш ҳолатлари рекорд даражада камайиб кетди
13:29
Ўзбекистон ва Хитой аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда
10:58
Хитойда 158 км магистрал йўл дронлар ёрдамида қурилди
17:18 / 05.11.2024