Жаҳон | 10:32 / 07.03.2024
5530
3 дақиқада ўқилади

Германия Россияга сафар қилмаслик тавсияларини кучайтирди

Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россияга сафар қилиш бўйича тавсияларини янгилади ва буни «қатъий» тавсия қилмаслигини таъкидлади.

Фото: REUTERS

Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россия учун саёҳат бўйича тавсияларни кучайтирди ва энди Россия Федерациясига саёҳат қилишни «қатъий» тавсия этмайди. Ўзгартириш «вазиятнинг давом этаётган ёмонлашуви» ва «ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар сонининг кўпайиши туфайли» амалга оширилди», дейилади 6 март, чоршанба кунги хабарда. 

Германия Ташқи ишлар вазирлигининг янгиланган тавсияларида Германия фуқаролари учун ҳам, икки фуқаролиги бўлган шахслар учун ҳам ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш хавфи борлиги таъкидланган. «Германия ва Россиянинг икки фуқароликка эга фуқаролари ҳисобга олишлари керакки, Россия ҳукумати уларни фақат Россия фуқаролари деб билади. Бу Россия қуролли кучларига эҳтимолий чақирув ҳолатларига ҳам тааллуқлидир. Элчихона уларни консуллик ҳимояси билан таъминлай олмайди», - дея Ташқи ишлар вазирлиги ўз сайтида маълум қилди. 

Бундан ташқари, Россияда эҳтимолий митинглар ва ҳаракатлар «хавфсизлик кучларининг зўравонлиги» билан бирга келади, дея эслатади Германия ТИВ. Германиядан сайёҳлар учун таҳдидлар орасида ТИВ шунингдек, гиёҳванд моддаларни сақлаш ва олиб кириш, ҳатто кичик миқдорда бўлса ҳам, узоқ қамоқ жазосига олиб келиши мумкинлигини эслатиб ўтди. «Таркибида наша бўлган қонуний маҳсулотлар, масалан, сақич, дори-дармон ёки косметика воситалари ҳам гиёҳванд моддалар ҳисобланади», дейилади янгиланган эслатмада. 

Германия фуқароси каннабисли мармелад учун ҳибсга олинди 

13 феврал куни Санкт-Петербург аэропортида немис қўлга олинди, унинг божхона сумкасидан каннабисли мармеладлар топилган. У уларни Германияда қонуний равишда сотиб олганини ва парвоз пайтида тинч уйқу учун фойдаланганини даъво қилди. 

Россия божхоначиси мармеладдан олиб кириш тақиқланган тетрагидроканнабинол моддаси топилганини айтди. Мазкур шахсга нисбатан гиёҳванд моддалар контрабандаси моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. У уч йилдан етти йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Бу Россияда биринчи бундай ҳолат эмас. 2022 йил феврал ойида машҳур америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер Москванинг Шереметево аэропортида қўлга олинган эди. Федерал божхона хизмати унинг юкидан гашиш мойи бўлган электрон сигареталар топилганини маълум қилди. Кейинчалик суд Грайнерни гиёҳванд моддалар контрабандаси ва сақлашда айбдор деб топди. У тўққиз йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилинди ва 1 миллион рубл миқдорида жаримага тортилди. 2022 йил декабр ойида баскетболчи Вашингтон қурол савдосида айблаган АҚШ қамоқхонасидаги россиялик Виктор Бут эвазига қамоқдан озод қилинди. 

Мавзуга оид