Жаҳон | 12:39 / 12.03.2024
4586
3 дақиқада ўқилади

Европа иқлим ўзгаришининг фалокатли оқибатларига дуч келиши мумкин

Европа бошқа қитъаларга қараганда икки баравар тез қизиб бормоқда, дейилади EEA ҳисоботида. Шошилинч чоралар кўрилмаса, оқибатлари фалокатли бўлиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда олимлар.

Фото: Cesare Barillà /EEA

Сўнгги йилларда юз берган ҳаддан ташқари иссиқлик, қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва сув тошқинлари глобал исишнинг оптимистик сценарийларида ҳам Европада ёмонлашади ва бутун қитъанинг турмуш шароитларига таъсир қилади. Бу ҳақда Европа атроф-муҳит агентлиги (EEA) 11 март, душанба куни эълон қилган янги ҳисоботда айтилади.

Агар шошилинч чоралар кўрилмаса, оқибатлар «фалокатли» бўлиши мумкин, деб огоҳлантирди иқлим ўзгариши хавфлари билан боғлиқ биринчи умумевропа таҳлили муаллифлари. Ҳаммаси бўлиб, улар 36 та таҳдидни санаб ўтди, 21 таси зудлик билан чора кўришни талаб қилади ва саккизтаси «айниқса шошилинч» деб белгиланган. 

Европа бошқа қитъаларга қараганда тезроқ исимоқда 

Ҳисобот муаллифлари таъкидлаганидек, Европада ҳарорат 1980-йиллардан бери ўртача глобал кўрсаткичдан икки баробар тез кўтарилган. Европа давлатларининг бунга қарши кўраётган чоралари етарли бўлмади, бироқ исишни секинлаштириш мумкин бўлса ҳам, глобал ҳарорат саноатдан олдинги даврдагидан 1 даражадан юқорироқдир, дейилади ҳужжатда.

«Европа ва миллий сиёсий лидерлар ташламаларни кескин қисқартириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш стратегиялари ҳамда чораларини ишлаб чиқиш орқали иқлим хавфларини камайтириш учун ҳозир ҳаракат қилиши керак», деди EEA ижрочи директори Леэна Юля-Мононен. 

Унинг қўшимча қилишича, 2022 йил ёзида Европада жазирама туфайли 60-70 минггача эрта ўлим ҳолатлари қайд этилган. 

EEA: Ҳисобот «якуний огоҳлантириш» бўлиши керак

Шошилинч чоралар кўрилмаса, ҳисоботда аниқланган 36 та иқлим хавфининг аксарияти жорий асрда «танқидий ёки фалокатли даражага» етиши мумкин, дейилади EEA маълумотида. 

Агентлик огоҳлантиришича, энг ёмон сценарийда юз минглаб одамлар жазирама тўлқинларидан нобуд бўлиши, қирғоқ бўйлаб сув тошқини туфайли иқтисодий йўқотишлар йилига 1 триллион евродан ошиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда агентлик. 

«Бу жиддий огоҳлантириш бўлиши керак. Якуний огоҳлантириш», - деди ташкилот ижрочи директори. 

Европа комиссияси EEA ҳисоботига жавобини 12 март куни эълон қилади. 

Мавзуга оид