Ўзбекистон | 08:51 / 14.03.2024
13377
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways самолёти қанотидаги бўёқ кўчиб кетганига изоҳ берди

Uzbekistan Airways хабар беришича, Boeing 787 Dreamliner самолёти композит қисмларида бўёқнинг кўчиб кетиши муаммоси бир неча йиллардан буён кузатилмоқда. Boeing тавсиясига кўра, эксплуатантлар самолёт қайта бўялгунига қадар вақтинча махсус ёпишқоқ лентадан фойдаланмоқда.

Фото: Telegram / altmanews

Ижтимоий тармоқларда Uzbekistan Airways компаниясига тегишли Boeing 787 Dreamliner қанотида бўёқлар кўчиб кетгани акс этган видео тарқалди. Компания ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Boeing компаниясининг B787 ҳаво кемалари композит қисмларидаги бўёқларнинг кўчиши биринчи марта содир бўлмаяпти. Ушбу муаммо Boeing 787 Dreamliner, янги авлод ҳаво кемаси, авиация учун нисбатан янги материаллардан - тахминан 80 фоиз композитлардан яратилганлиги билан боғлиқ. 

Ултрабинафша нурланишни, шунингдек парвоз пайтида ҳаво кемасининг эгилувчанлигини ҳисобга олган ҳолда, қўлланиладиган бўёқ қатламлари бардош бера олмайди ва катта бўлаклар билан кўчиб кетади. Ишлаб чиқарувчи компаниянинг таҳлилига кўра, бундай бўёқ кўчиши косметик нуқсон бўлиб, парвознинг яроқлилиги ва ҳаво кемаси парвозларининг хавфсизлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Барча авиаташувчилар ултрабинафша нурлар таъсирида ушбу турдаги ҳаво кемаларидаги бўёқ қопламасини кўчиши ҳақида мунтазам равишда хабар беради. Boeing компанияси композит юзаларида бўёқ қопламаси муаммоларига дуч келаётган ягона авиация ишлаб чиқарувчи эмас.

Музокаралар натижасига кўра, ишлаб чиқарувчи компания ҳаво кемалари сиртини бўяш ва уларни ишлаб чиқарувчи базасига парвоз қилиш бўйича барча харажатларни ўз зиммасига олишга тайёр. 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Uzbekistan Airways яқин келажакда Boeing 787 Dreamliner русумидаги учта ҳаво кемасини босқичма-босқич қайта бўяшни режалаштирган. Ушбу муаммо Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Boeing 787 Dreamliner ҳаво кемаларида парвозлар хавфсизлиги ва қулайлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид