Ўзбекистон | 11:35 / 20.03.2024
9271
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи 130 метрли яширин туннел аниқланди

Жалолобод вилоятидаги хонадондан топилган туннелдан одамлар ва юкларни чегарадан ноқонуний олиб ўтишда фойдаланилган. Хонадон эгаси контрабанда каналини ташкил қилишда гумон қилиниб, қўлга олинган. 

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида ноқонуний ерости туннели топилди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига таяниб “АКИпресс” хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Сузоқ тумани Бекобод қишлоғида яшовчи фуқаронинг уйида Ўзбекистонга олиб борувчи ерости туннелини топган. 130 метрли мазкур яширин ерости йўли одамлар ва юкларни ноқонуний олиб ўтиш учун ишлатилган.

Қайд этилишича, туннелнинг чуқурлиги 15 метр, умумий узунлиги 130 метр, Қирғизистон давлат чегарасигача бўлган масофа 50 метр, баландлиги эса 1,7 метрга тенг.

19 март куни уй эгаси, 1986 йилда туғилган Э.А. контрабанда каналини ташкил қилишда гумон қилиниб, қўлга олинган. Айни пайтда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан туннелдан фойдаланишни ташкил этишда иштирок этган барча шахслар, шунингдек, Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар ҳамда республикага ноқонуний равишда кириб келган товарлар турлари аниқланмоқда.

Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи бу каби туннеллар олдин Қорасувда ҳамда Қўрғонтепада ҳам аниқланганди.

Мавзуга оид