Жамият | 22:28 / 23.03.2024
31023
1 дақиқада ўқилади

Андижонда қоидабузар ҳайдовчи жарима майдончасидан девор ошиб қочиб кетди

Унда 30 дан ортиқ қоидабузарлик, 100 млн сўмдан ортиқ муддати ўтган жарима борлиги аниқланган.

Фото: Видеодан кадр / Zo‘r tv

Андижонда қоидабузар ҳайдовчи жарима майдончасидан девор ошиб қочиб кетди. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, 24 ёшли ҳайдовчи темир йўл переездини кесиб ўтишда қоида бузган. Уни тўхтатмоқчи бўлган йўл-патрул хизмати инспектори ишорасига бўйсунмай, тўхтамасдан кетиб қолган.

Ҳайдовчи кузатиб борилиб, Кичик даҳа ҳудудида тўхтатилган. У ҳақдаги маълумотлар текширилганда, 30 дан ортиқ қоидабузарлик, 100 млн сўмдан ортиқ муддати ўтган жаримаси борлиги аниқланган.

Транспорт воситаси жарима майдонига олиб борилган. Инспектор ҳайдовчига чора кўраётган пайтда, у жарима майдони деворидан ошиб ўтиб, қочиб кетган.

Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Мавзуга оид