Ёшга боғлиқ бахтиёрлик, BYD'нинг мурожаати ва камайган туғилишлар — ҳафта дайжести
Ўзбекистон глобал бахт индексида ўз ўрнини яхшилади. Фуқароларнинг дронлардан фойдаланиши бўйича янги қонун қабул қилинди. Никоҳлар камайиб, ажримлар кўпайиши фонида туғилишлар ҳам камаймоқда. BYD электромобиллари импорти чекланиши мумкин. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Ўзбекистон – энг бахтли 50 давлат қаторида
20 март – Халқаро бахтиёрлик кунида БМТ ўзининг анъанавий бахт рейтингини эълон қилди. Бу сафарги рейтинг 2021–2023 йилларни ўз ичига олади. Унга кўра, Ўзбекистон аҳолиси энг бахтли 50 та давлат қаторига қўшилган. Мамлакатимиз охирги 3 йил давомида бахтиёрлик индексида ўз ўрнини 7 поғонага яхшилаб, 143 та давлат орасида 47-ўринни эгаллаган.
Бу рейтингни БМТ жамоатчилик фикрини ўрганувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда тузади. Охирги 3 йилда ўтказилган сўровларда ўзбекистонликлар ўзининг бахт даражасини Кантрил шкаласи бўйича 10 баллдан ўртача 6,2 баллга баҳолаган. Бу – МДҲ давлатлари орасидаги энг юқори натижа.
Тадқиқотчилар бу сафарги ҳисоботда илк марта бахтиёрлик даражасини ёшга қараб таҳлил қилишган. Аниқланишича, бутун дунёда ёшлар энг бахтли қатлам саналади ва одамларнинг ёши улғайган сари ўртача бахт даражаси аста-секин пасайиб боради. Ўзбекистонда эса бунинг тескариси, одам ёши ўтгани сайин ўзини бахтлироқ деб ҳис қилиши ортади. Шунга кўра, мамлакатимизда ўзини энг бахтли деб ҳисоблайдиган ёш қатлами бу – 60 ёшдан ошганлар бўлса, 30 ёшгача бўлганлар ўзини анча камроқ бахтли деб ҳисоблайди.
BYD автомобиллари импорти чекланиши мумкин
Ҳафтанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири яна автосаноатга таллуқли бўлди. Душанба куни имзоланган президент қарори билан, Ўзбекистон ҳукумати ва BYD компанияси ўртасида имзоланган инвестиция шартномаси тасдиқланди. Шартномага асосан, Жиззахда электромобил ва гибрид автомобилларни SKD усулида йиғиш йўлга қўйилмоқда.
Хитой компанияси билан бундай келишувга эришилгани ҳақида 2022 йил охирида эълон қилинган эди. Лойиҳани амалга ошириш учун “BYD Uzbekistan Factory” номли қўшма корхона ташкил этилган бўлиб, унинг 60 фоиз улуши “Ўзавтосаноат”га, 40 фоизи BYD'га тегишли. Қўшма корхона 2024 йил охиригача завод қувватини йилига 50 мингта автомобил йиғиш даражасига етказиши кўзда тутилган. Кейинчалик ишлаб чиқариш қуввати йилига 500 минг донагача оширилиши мумкин.
18 март кунги қарорда ёзилишича, инвестор, яъни BYD компанияси Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, BYD автомобиллари Ўзбекистонга “тартибсиз” равишда импорт қилинаётгани, олиб кирилаётган моделлар маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мос эмаслиги, расмий кафолати ҳам йўқлигини таъкидлаган ва шу сабабларга кўра BYD бренди остидаги электромобил ва гибрид автомобиллар импортини чеклашни сўраган. Шу мурожаатга асосан Ўзбекистон расмийлари 2024 йил 1 июлгача BYD'нинг бу талабини қондириш бўйича таклифлар ишлаб чиқадиган бўлди. Белгиланишича, бу таклифлар Жаҳон савдо ташкилоти тамойилларига зид бўлмаслиги керак.
Бу янгиликдан кейин, ўнлаб йиллардан бери автосаноатдаги монополиядан азият чекиб келаётган ўзбекистонлик истеъмолчиларда энди электромобил бозори ҳам монополияга айланиши ҳақидаги хавотирлар кучайди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни Ўзбекистонга фақат ва фақат расмий дилерлар олиб киришига оид тартибни қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилаётгани маълум бўлганди.
Дронлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик енгиллаштирилди
Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратларига доир ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган жазолар ҳаддан ташқари қаттиқ экани расман тан олинди ва жазолар юмшатилди. 15 март куни имзоланган қонунга кўра, дронлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар аввал маъмурий, кейин жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди. Бунгача барча ҳолатларда фуқаролар тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортиб келинаётган эди.
17 июндан кучга кирадиган қонунга кўра, учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш – ушбу объектнинг мусодара қилинишига ва БҲМнинг 10 баробаридан 20 баробаригача маъмурий жаримага сабаб бўлади. Агар шахс аппаратни ўз ихтиёри билан топширса, маъмурий жавобгарликдан озод қилинади. Агар маъмурий жазо қўлланганидан кейин яна шу ишни такрорласа, жиноий жавобгарликка тортилади ва 3 йилгача қамалиши мумкин.
Суд-тергов амалиёти таҳлил қилинганида, амалдаги жавобгарлик чоралари бундай қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига номутаносиб экани маълум бўлган. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг, шу жумладан туристларнинг асосли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлган, дейилади қонуннинг кириш қисмида.
Эслатиб ўтамиз, кўплаб давлатларда оддий мослама деб кўриладиган дронларга нисбатан Ўзбекистонда жуда қаттиқ чекловлар борлиги бир неча йилдан буён жамоатчилик томонидан танқид қилиб келинади. Бир қатор ҳолатларда тақиқ ва жазодан бехабар туристлар жиноий жавобгарликка тортилган ва бу кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Когонда мактаб болаларини олиб кетаётган автобус ЙТҲга учради
Душанба куни Бухоро вилоятининг Когон туманида йилнинг энг мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаларидан бири рўй берди. Эрталаб соат 10:30 лар атрофида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус чорраҳада юк машинасига бориб урилди. Натижада болалардан бири воқеа жойида, яна бири кейинроқ касалхонада ҳалок бўлди. Қолган 25 нафар йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Тўқнашув натижасида автобус ҳам, бетон қорувчи машина ҳам ағдарилиб кетган. Воқеа видеосидан кўринишича, ҳодиса рўй берган пайтда чорраҳада светофор ишламаган бўлиши мумкин. Юк машинаси асосий йўлда бўлган, автобус эса иккинчи даражали йўлдан чорраҳага кириб келиб, тўқнашув содир этган.
Видеода, шунингдек, болаларни ташиётган автобус патрул автомашинаси ҳамроҳлигисиз ҳаракатланганини кўриш мумкин. Бухоро вилояти прокуратураси болаларни автобусда ташиш ва ҳамроҳлик қилиш ишларини ташкил қилишда қўпол қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъулларга нисбатан “Мансабга совуққонлик билан қараш” моддаси билан жиноят иши очди.
Ички ишлар органи эса йўл-транспорт ҳодисаси факти юзасидан жиноят иши қўзғатган. Ички ишлар вазирлиги автобус рулида бўлган 33 ёшли ҳайдовчи вафот этгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, у Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасида даволанаётганини маълум қилди.
Ўзбекистонда туғилишлар сони камайди
Никоҳлар сони камайиши ва ажримлар сони ошиши тенденциялари ёнига яна бир салбий тренд қўшилган бўлиши мумкин: маълум бўлишича, мамлакатимизда 2018 йилдан бери илк марта туғилишлар сони камайган. Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2024 йилнинг январ–феврал ойларида 137,5 мингга яқин тирик туғилиш ҳолати қайд этилган бўлиб, бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3600 та ёки 2,6 фоизга кам.
Иқтисодчилар туғилишлар сонининг камайиши агар давом этадиган бўлса, бу хавотирли эканини айтади. Жамоатчилик фаоли Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги ҳокимият алмашинувидан кейин туғилишнинг кескин ортиши даромадларнинг ўсиши билан юқори даражада боғлиқ бўлиб келаётганди. 2023 йилда эса, аввалроқ хабар берганимиздек, аҳоли жон бошига реал даромадларнинг ўсиши пандемия йилини ҳисобга олмаганда охирги 7 йилдаги энг паст даража – 2,4 фоизгача секинлашган эди.
20 март куни The Lancet журналида эълон қилинган илмий мақолада айтилишича, кейинги ўн йилликларда дунёнинг аксарият қисмида туғилишлар сони сезиларли даражада камаяди. 2050 йилга бориб дунё давлатларининг ҳар тўрттадан учтасида аҳолиси сонининг ҳозиргидан камроқ бўлади. Бу эса ишчи кучи етишмовчилиги ва кекса аҳолига ғамхўрлик қилиш бўйича муаммоларни чуқурлаштиради.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Ўзбекистон бўйлаб Наврўз тантаналари бўлиб ўтди. Энг йирик байрам тадбирига Тошкентдаги “Ҳумо” аренаси мезбонлик қилди. Байрамдан олдинги кунларда президент Шавкат Мирзиёев “Мурувват” уйидаги болалар холидан хабар олди; Сергелида барпо этилаётган Ёшлар боғига илк кўчатларни экиш жараёнида қатнашди. 75 гектарлик майдонни эгаллаган Ёшлар боғи Янги Ўзбекистон боғидан кейин Тошкентдаги иккинчи энг катта боғга айланиши кутиляпти.
Пойтахтимиз ҳавоси сифатини мониторинг қилувчи “Air Tashkent” портали ишга тушди. Унда шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаментига тегишли 10 та станцияда қайд этилган PM2,5, PM10 ва PM1 зарралари даражаси, намлик, атмосфера босими, иссиқлик марказларининг жойлашуви, ёнғин рўй берган ҳудудлар каби маълумотларни олиш мумкин. Швейцариянинг IQAir компанияси шу ҳафта эълон қилган 2023 йил якунлари бўйича ҳисоботга кўра, Тошкент ҳавоси энг ифлос пойтахт-шаҳарлар рўйхатида 22-ўринни эгаллаган.
Тадбиркор Салим Абдувалиевга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Ўтган йили декабрда қўлга олинган Абдувалиев 74 ёшли Салим Абдувалиев Миробод туман суди томонидан қонунга хилоф равишда қурол сақлашда айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Тайинланган жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди. Kun.uz манбасига кўра, Тошкентда жиноятчиликка қарши курашиш доирасида қўлга олинганларнинг яна бир нечтаси бўйича иш судга чиқарилган.
“Дефектолог” Дилором Жабборова устидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. У дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида “даволаш”га урингани акс этган видео сабаб интернетда машҳур бўлиб кетганди. Болалар омбудсманининг хабар беришича, дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ Жабборованинг услубини “болага зўравонлик” ва “ибтидоий ёндашув” деб топган. Ҳолат бўйича Юнусобод туман ИИБ фирибгарлик моддаси билан жиноят иши қўзғатган.
Онлайн аукционда олтин рақамлардан бири 1 млрд 70 млн сўмга сотилди. Номаълум жисмоний шахс бунча пулни +998200000000 мобил рақами учун тўлашга тайёрлигини билдирган. Бунга қўшимча 32 млн сўмлик комиссия йиғими ҳам борлиги инобатга олинса, рақам учун харажат 1,1 млрд сўмга етади. Қоидага кўра, харидор 5 кун ичида тўлов қилиши керак. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қимматбаҳо мобил рақамлар 2019 йилдан буён аукцион орқали сотиб келинади.
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
20:10 / 14.12.2024
Энергетикларнинг об-ҳаво баҳонаси, электр токи дефицитининг тугаши ва МБда янги раис — ҳафта дайжести
21:00 / 07.12.2024
Парламентдаги сукунат, БААдаги ҳибслар ва Туркманистон билан келишув — ҳафта дайжести
23:15 / 30.11.2024