26 мартнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар
Умра хизмати учун лицензия, чекланган нархдан халос бўлаётган метан заправкалар, сел ва тошқин хавфидан огоҳлантириш, коррупцияга оид жиноятлар сони ошган ҳудудлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.
Шавкат Мирзиёев Янги Наманган шаҳри лойиҳаси ва чет тиллар институти қурилиши билан танишди
Муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси билан танишиш мақсадида Наманган вилоятида бўлиб турган Шавкат Мирзиёев Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тиллар институти кампуси қурилишини кўздан кечирди.
Шунингдек, қурилиш ишлари 2 йил олдин бошланган, 200 минг аҳолига мўлжалланган Янги Наманган шаҳри босқичлари президентга тақдимот қилинди. Ҳозирда бу ерда 2764 та хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилган, яна 648 та хонадонли уйлар қурилмоқда.
КУН РАҚАМИ
2024 йил 1 март ҳолатига солиқ органларида 337 минг 477 та кўчмас мулк ижара шартномаси ҳисобга қўйилди.
«Ўзгидромет» яна сел-сув тошқини хавфи ҳақида огоҳлантирди
26-30 март кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Момақалдироқ бўлиши мумкин. Кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли, 26-31 март кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралган.
1 апрелдан метан-шохобчаларда чекланган нархнинг амал қилиш даври тугайди
Ўтган йилнинг сентябр ойида қабул қилинган ҳукумат қарори билан 6 ой давомида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан газ нархи 3250 сўмдан ошиб кетмаслигини таъминлаш вазифаси қўйилган эди. 1 апрелдан бу муддат якунига етади ва чакана нарх ошиши мумкин.
Умра хизматларини кўрсатувчи фирмалар учун лицензия жорий этилади
2024 йил 1 мартдан бошлаб туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия талаби бекор қилинди. Шу муносабат билан Умра тадбирларини ташкил этиш билан шуғулланувчи турфирмалар учун алоҳида лицензия жорий этилмоқда.
Роботлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи компания Ўзбекистонда офис очмоқда
IT Park ижрочи директори Абдулаҳад Қўчқоров ва Хитойнинг NUWA Robotics компанияси директори Ҳунг Жуи-Жен ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Коррупцияга оид жиноят содир этганлар сони қайси ҳудудларда ошгани маълум бўлди
2023 йилда коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича жиноий жавобгарликка тортилган шахслар (6535 нафар) аввалги йил (7414) га нисбатан 12 фоизга камайган. Коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар сони Андижон, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида ошган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш — 2067, пора бериш — 894, фирибгарлик — 769, пора олиш — 121 ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш — 125 ҳисобланади.
Ўқувчининг номусига тегмоқчи бўлган мусиқа ўқитувчиси 8 йилга қамалди
Тошкент шаҳар суди хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида 64 ёшли шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Судланувчи ЖКнинг 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024