Жаҳон | 15:28 / 26.03.2024
9834
3 дақиқада ўқилади

Россия элчиси Полша ТИВга чақиртирилганини эътиборсиз қолдирди

Россия элчисининг Полша ТИВга чақиртирилиши 24 март куни Ғарбий Украинани ўққа тутиш вақтида Россия ракетаси томонидан мамлакат ҳаво ҳудудининг бузилгани билан боғлиқ.

Фото: Fotolia/udra11

Россия элчиси Сергей Андреев Ғарбий Украинани ўққа тутиш вақтида Россия ракетаси томонидан мамлакат ҳаво ҳудуди бузилгани муносабати билан Варшавадаги Полша Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганини эътиборсиз қолдирди. Бу ҳақда 25 март, душанба куни Полша ташқи ишлар вазирлиги вакили Павел Вронский PAP агентлигига маълум қилди. Унга кўра, воқеа юзасидан тушунтириш талаб қилинган дипломатик нота бевосита Россия ТИВга юборилади. 

Полша ТИВ вакили, шунингдек, элчининг мезбон давлатдаги вазифалари Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясида аниқ ифодаланганлигини эслатди. «Шунинг учун биз Россия элчиси Москвадаги Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмаларига амал қиляптими ёки у Варшавада Россия Федерацияси манфаатларини муносиб тарзда ифодалай оляптими, деган саволга қизиқяпмиз», деди у. 

Андреев РИА «Новости» агентлигига кейинроқ айтганидек, у «бу мавзуда далиллар келтирмасдан гапиришнинг маъноси йўқ деб ҳисоблайди ва Полша ТИВга боришдан бош тортди». 

Россия ракетаси Полша ҳаво ҳудудида

24 март куни эрталаб Россия ракетаси Полша ҳаво ҳудудига учиб кирди. Полша бош штаби маълумотларига кўра, бу маҳаллий вақт билан соат 4:23да (Москва вақти билан 06:23) Люблин воеводелигидаги Осердув қишлоғи узра содир бўлган. Ракета Полша ҳаво ҳудудида 39 сония давомида бўлган.

Ракета нишони Украина ғарбий қисми бўлган, дея таъкидлади бош штаб. Парвоз вақтида ракета Полша ҳарбий радарлари томонидан кузатилган, деб маълумот берди маҳкама. Варшава мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш чораларини кўрган. Хусусан, Полша ва иттифоқчилар ҳаво кучлари жалб қилинган. 

2023 йил охирида Полша ўз ҳаво ҳудуди орқали Россия ракетаси учиб ўтгани тўғрисида эълон қилганди. 2022 йил ноябр ойида Украина билан чегарадаги Полшанинг Пшеводув қишлоғига ракета қулаб тушди ва икки тинч аҳоли ҳалок бўлди. Ғарб давлатлари бу Украина зенит-ракетаси бўлиб, Россия ҳужумларидан ҳимояланиш учун фойдаланилган деб ҳисоблайди. 

Мавзуга оид