Жаҳон | 14:48 / 01.04.2024
20132
7 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Россия қайси йўналишда янги юриш бошлаши мумкин?

РФ қуролли кучлари бир вақтда фронтнинг бир неча участкаларида юриш қилмоқда ва янги ҳужумларга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкин (Харкив области — вариантлардан бири). Украина қуролли кучларига зудлик билан захира кучлар зарур.

Фото: Getty Images

Россиянинг Авдийивка ҳудудидаги ҳужумлари шаҳардан ғарбдаги Дурная дарёси соҳилларида тўхтади. Бир ойлик жанглардан кейин РФ қуролли кучлари Тоненке, Орливка ва Бердичи қишлоқларини тўлиқ ёки қисман эгаллашга муваффақ бўлди — уларнинг барчаси дарё бўйида жойлашган. Бу юришда қатнашган кучлар сони февралда Авдийивкани штурм қилган қўшинлар сонидан камроқ бўлгани аниқ. Ва афтидан, РФ энди Авдийивка йўналишидаги муваффақиятни ривожлантиришни режалаштирмаяпти.

Аммо, умуман олганда Россия армияси ҳамон тузилмалар ва ўт очиш кучи бўйича Украина қуролли кучларидан катта устунликка эга бўлиб қолмоқда. Украина истеҳкомларига режалаштириш ва коррекция модулига эга кучли бомбалар билан авиазарбалар бериш бўйича янги техника ҳам яхши иш бермоқда. Бу Россия самолётларига Украинанинг деярли барча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳаракат қиладиган ҳудудларга кирмасдан ишлаш имконини беради. Табиийки, РФ қуролли кучлари қўмондонлиги бу устунликдан фойдаланишни истайди — Авдийивка учун жангларда учралган катта йўқотишларга қарамасдан. Гап фақат Россиянинг навбатдаги кенг кўламли юриши қаерда бошланиши билан боғлиқ.

Авдийивка

  • РФ қуролли кучлари Авдийивкани эгаллаши билан якунланган (17 феврал куни) бир ойлик жанглардан кейин Украина қўмондонлиги бу йўналишга захира кучларни ташлади ва вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлди. Россия қўшини фронтни ёриб ўта олмади: улар қонли жанглар билан Украина қуролли кучларини фақат Дурная дарёси ортига чекинтиришни уддалай олди. Энди украинлар мудофаа чизиғи Дурнаянинг нисбатан юқорида жойлашган ўнг соҳили бўйлаб ўтади.
  • Украина мудофаасининг шарқий соҳилдаги сўнгги таянчи Бердичи қишлоғида (Авдийивка фронтининг шимолий қаноти). Украина қуролли кучлари бу қишлоқда (Abrams танкларига эга зирҳли танк бўлинмаси билан кучайтирилган 47-механизациялашган бригада) Россия қўшинига ғарбий йўналишдаги юришни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Аммо март ойи охирида РФ қуролли кучлари барибир Бердичини қарийб тўлиқ эгаллашга эришди. Ҳимояланаётган ҳарбийларнинг асосий қисми дарё ортига чекинган
  • Аммо Россия юриши секинлашгани Украина қуролли кучларининг Авдийивка йўналишидаги инқирозини тўлиқ ҳал қила олмади. Авдийивкадан шимолга ҳужумлар (Бердичидан Очеретино йўналишида) руслар учун яхши истиқболларга эга эмас — бу ерда рақиб кучли, Очеретино эса тепароқда жойлашган, — аммо шаҳардан жануби-ғарбда Украина ҚК мудофаасида янги бўшлиқ пайдо бўлган. Россия қўшини тезлик билан (урушнинг учинчи йилидаги позицион жанглар мезони бўйича) Тоненке ва Первомайск оралиғидаги ўрмонзорлар бўйлаб олдинга силжимоқда. Агар бу ҳаракат тўхтатилмаса, РФ қуролли кучлари баҳор ва ёзда Украинанинг Карловка ва Нетайловодаги коммуникацияларини хавф остида қолдириши мумкин — бу Авдийивка фронтининг орқа томони (тил) ҳисобланади.

Вуҳледар ва Марйинка йўналишлари

  • Агар Авдийивка атрофида украин қўмондонлиги фронтни қайтадан ташкил этишига тўғри келган бўлса, Украина қуролли кучлари мудофаасининг жанубий тизими ўз яхлитлигини сақлаб қолди.
  • Россия қўшини Марйинкани эгаллагач, Украина қуролли кучлари қўшни Георгиевкада барқарор мудофаа барпо этди. Россиялик ҳарбийларга бу йўналишда олдинга силжишига қанотлардаги вазият имкон бермайди: Украина қуролли кучлари Марйинкадан шимолдаги Красногоровка шаҳрида ҳамда ундан жанубдаги Победа қишлоғидаги позицияларини сақлаб қолган. РФ қуролли кучлари фақатгина худди Авдийивкада бўлгани каби катта захираларни жалб этсагина бу ҳудудда юришни тезлаштира олиши мумкин. Аммо улар Авдийивкада захираларни яширин тарзда олиб келиш эвазига муваффақиятга эришганди — Донецкдаги шаҳар қурилмалари бунга имкон берганди. Фронтнинг бу участкасида эса қўшинларни махфий тарзда кўчиришнинг имкони бўлиши даргумон.
  • РФ қуролли кучлари бир неча ойдан буён Вуҳледарга шарқдан — Новомихайловка қишлоғи орқали ҳужум қилишга уринмоқда. Бу амалиётда катта кучлар иштирок этмаяпти: бу ерда Тинч океани флотининг 155-денгиз пиёдалари бригадаси жанг қилмоқда — бу бригаданинг 2022 йил қишида Вуҳледарни штурм қилишга уриниши муваффақиятсиз якунланганди.
  • РФ қуролли кучлари бир неча ойлик жанглардан кейин Новомихайловка қишлоғининг тахминан ярмини эгаллаб олган. Бу ерда Украина мудофааси заифлашмоқда. Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари бу йўналишда фронтни ушлаб туриши учун захираларни жангга киритиши керак бўлади. Захиралар эса кўп эмас. Россия қўмондонлиги Новомихайловка ҳудудига янги қўшинларни олиб келиб, муваффақиятни мустаҳкамлашга уриниб кўриши мумкин. Аммо яна юқоридаги савол долзарблигини сақлаб қолади: қўшимча кучларни рақиб кўзидан пана ҳолда олиб келишнинг имкони бўладим?

Бахмут ва Часив Яр

  • Россия қўшини Бахмут атрофида қарши ҳужумни давом эттирмоқда. Десантчи бўлинмалар Ивановский (Красний)дан шимолдаги тепаликларни ҳамда ушбу қишлоқнинг бир қисмини эгаллашга муваффақ бўлган (РФ мудофаа вазирлиги ушбу қишлоқ тўлиқ ишғол қилинганини маълум қилган, аммо эълон қилинган видеоларга кўра бу баёнот ҳақиқат эмас).
  • Часив Яр томон (у Бахмут билан солиштирганда баландликда жойлашган) юриш қилишга украинларнинг Богдановка қишлоғи ғарбидаги истеҳкомлари тўсқинлик қилмоқда. РФ қуролли кучлари бир неча ой олдинроқ ушбу қишлоқнинг шарқий қисмини эгаллаганди, аммо уёғига ўтишнинг имкони бўлмади. Богдановка муаммосини ҳал қилмасдан Часив Ярга юришни давом эттириб бўлмайди. Бу ерда ҳам РФ қуролли кучлари ҳужумларни кучайтириши учун қўшимча кучлар талаб этилади.

Россия юриш қилиши мумкин бўлган бошқа йўналишлар ҳам бор

  • Запорижжя областида, Орихив йўналишида Россия қўшини Украинанинг Работинедаги (Украина қуролли кучлари томонидан ёзги юриш вақтида озод этилган) истеҳкомларини шарқдан кесиб ташлашга уринмоқда.
  • Сватове ва Креминнада 2023 йилда қайтадан шакллантирилган 25-умумқўшин армияси Терни қишлоғини эгаллаб, Жеребец дарёси ёқасида украин мудофаасини кесиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Март ойида рус қўшини қишлоқнинг шарқий чеккаларига етиб келганди.
  • 2024 йил баҳорида Россия қўшини Харкив области Купянск шаҳрига ҳужум қилишни тўхтатди. Якатта эҳтимол билан, Купянскдан шимолда ва шарқда ҳаракатланган қўшинларнинг бир қисми фронт ортига олиб кетилган. Бу шуни англатадики, РФ қуролли кучлари ушбу йўналишда янги юришга тайёргарлик кўрмоқда. Вариантлардан бири — Россия ва Украина чегарасини Купянскдан ғарбга, Оскол дарёси ғарбий соҳили бўйлаб ёки ҳатто янада ғарброққа ҳужум қилиш. Украина бу участкада траншеялар, бетон бункерлар ва миналанган майдонлардан истеҳкомларнинг янги чизиғини қуришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳар қандай янги йирик юриш Россия қўмондонлигидан захираларни ишга солишни талаб этади. Ва бундай кўламдаги амалиёт учун кучлар тўпланиши Украина қуролли кучлари ва Ғарб разведка хизматлари томонидан тезда аниқланади.

Мавзуга оид