«Қўлини теккизолмайди, менинг ҳимоя ордерим бор» — ордерга ишониб ўлиб кетган аёл
27 март куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманида 28 ёшли аёл 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этди. Марҳуманинг яқинлари ва воқеа гувоҳлари аёл вафотидан олдин қаттиқ калтакланганини, унга турмуш ўртоғи кўп марта ўлдириш билан таҳдид қилганини айтишди.
«Бу куёв сенинг ажалинг», дердим...
Маълум бўлишича, 28 ёшли Нодира Ҳамраева ва унинг турмуш ўртоғи оиладаги келишмовчиликлар туфайли яқинда ижара уйга кўчиб чиқишган. Нотинчликлар давом этавергани учун икки норасида боласи билан яна ота уйига қайтиб келган Нодира ўзининг номига олинган кўплаб қарзлар туфайли ёлланма ишларда ишлаган. Тикувчилик билан шуғулланган, бўш кунларида тозалаш ишларига чиққан
«Оиласи нотинч эди, ажраштираман, бу куёв сенинг ажалинг, дердим. Куёвимиз ниҳоятда устамон, эшикдан ҳайдаса тешикдан келиб, қизимни авраб-алдаб, ишонтириб, ҳеч кимга айтмасдан олиб кетарди. 9 йил мобайнида 3 йил бирга яшаб, 2 фарзанд кўришди.
Куёв бўлмиш қизимни олиб бориб, уни ўртага қўйиб, қарзга тиллафурушдан тилла, мебелчидан мебел олдирган. Кредит олиб берасан, деганда «йўқ» дегани учун келиб уйимизда жанжал қилди. Уни кўрсак ҳаммамиз қочамиз, эримдан қўрқмасам ҳам шу куёвимдан қўрқаман, оёқ-қўлим қалтираб. Ўзим дўконда материал сотаман.
Бундан 15 кун олдин уйимизга жанжал қилиб келди. Турмуш ўртоғим жигар циррозига чалинган. Шуни айтиб, «Биз қаридик, бирортамизнинг ўлимимизга сабабчи бўлиб қолманг, кетинг», дедим. Шунда у “ўзимизга душман орттираётганимиз”ни айтди. Хотини, болаларини олиб кетмоқчи бўлди. Ҳамма ҳар томонга қочди. Хўжайиним ҳассада чиққанди, уни уриб ташлади. Тез ёрдам келди, 102 келди.
Судга мен боролмадим, қизим борди. Суд залининг ўзида қизимга ҳимоя ордери берилди. Куёв 10 суткага қамалди», — деб гапириб берди марҳуманинг онаси Раъно Собирова.
10 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққанидан кейин куёв яна Нодиранинг олдига қатнай бошлайди. Ёлланма ишда ишлаётган жойини топиб боради ва шифокорга кўрсатишини айтади. Чунки қаттиқ стресслар оқибатида аёлнинг юзида бироз доғ пайдо бўлган ва даволаниб келаётган эди. Эри унга қарзга олинган тиллаларнинг пулини ҳам беришини айтади.
«Ая, мен бўғиляпман...»
Она қизига «унга ишонма, менга кўп марта «сизларда аламим бор, барибир қизингни яланғоч қилиб, ногиронлик аравачасига ўтқазаман», деб айтяпти, деса, «қўлини теккизолмайди, мени ҳимоя ордерим бор», деган.
«Шу тиллачидан олинган 3 млн қарзни беради, деган умидда мени болам кетди. Чунки қарз сўраб келишганда уялганидан растанинг тагига кириб кетарди — эрига олиб берган-да.
Болаларининг гувоҳномалари, паспортларни йиртиб ташлаган экан, буларни энди биляпман. Шуларниям олиб келаман, деса ишониб, ғафлатда қолдим. Шундан кейин қизимни касалхонага олиб борган, қайси касалхоналигини билмайман.
Лекин доим борадиган касалхона эмас эди. Эртаси куни қизим: «Ая, мен бўғиляпман, менга нур (кимётерапия) беришди. Эрим бир шифохонага олиб борди ва у ерда менга тезда нур бериш кераклигини айтиб, қандайдир бешта укол қилишди. Қайси касалхоналигини билмайман, эримнинг таниши экан», деб телефон қилди. Мен ҳайрон қолдим, чунки қизимнинг юзидаги доғ онкологик касаллик эмас эди», — деб ҳикоя қилади она.
Шундан сўнг 27 март куни ифторлик вақтидан кейин телефонда онаси билан гаплашган Нодира болаларини ҳеч кимга бермасликларини ва уларга келинойиси қарашини айтган. Суҳбатдан чамаси бир соатлар ўтиб Раъно Собировага ИИБ бошлиғи қўнғироқ қилиб унинг қизи оламдан ўтганини айтган.
«Калтакларингдан тўйдим» деди
Марҳуманинг қўшнилари 5-қаватда уни кийимсиз ҳолатда осилиб тургани ва калтаклардан тўйиб кетганини айтиб бақирганига гувоҳ бўлишган.
«Ойнага қарасам, у қиз осилиб турган экан. Калтакларингдан тўйдим, азобларингдан тўйдим, чарчадим, яшашни хоҳламаяпман, қўйиб юбор, деди. Хўжайинимга телефон қилиб улгургунимча у ўзини ташлаб юборди. Устида кийимлари йўқ эди, фақат ички кийими бор эди холос», — дейди воқеага гувоҳ қўшнилардан бири.
Яна бир гувоҳ уйда болалар бор-йўқлигини билиш учун киришганда хонадон ўта тартибсиз аҳволда эканлигини, бундан уйда жанжал бўлганини билиш мумкинлигини айтди.
Марҳуманинг аммаси Санобар Холматованинг сўзларига кўра, Нодиранинг баданида эски ва янги жароҳат излари бўлган.
«Танасида жудаям жароҳатлари кўп эди, эски кўкарган жойлар ҳам бор эди, янгилари ҳам бор эди. Майитнинг сочини ўриб икки ёнга қўйиш керак экан. Бошини ювганимизда қўлим билан сочини тараётганимда сочлари тўп-тўп бўлиб узилиб тушди. Чунки куёв тепада сочини ушлаб турганда узилиб бўлган сочлари.
Ўйлашимча, тушиб кетишдан олдин уни роса урган. Танасининг олд томонида янги кўкарган из, орасида эскилариям бор – улар қорайиб турибди. Уни ташлашдан олдин роса урган», — дейди амма.
Марҳумага 3 марта ҳимоя ордери берилган. Аммо, шунга қарамай, у шундай аянчли тарзда вафот этди. Икки фарзанд етим қолди. Бу ўринда ҳимоя ордери талаблари бузилганининг ўзи етарли бўлса-да, зўравонга бирор чора кўрилмаётгани ҳайратланарли. Онанинг айтишича, аввалги ҳолатлар ҳам бундан кам бўлмаган:
«Бундан 2 йил аввал ҳам худди шундай воқеа бўлган. Эридан қочиб яшириниб юрганда бир қариндошимиз қаердалигини айтиб қўйган. Ҳомиладор қизим ва катта фарзандини Сирдарё бўйига олиб борган. Машинанинг эшикларини қулфлаб, қизимни дубинка билан урган. «Мен билан яшамасанг, сени яланғоч қилиб Сирдарёга ташлаб юбораман», деган. Катта неварам сув сўраб йиғлаган ва куёв сув учун дўконга кирган. Шу пайтда қизим эмаклаб қочиб бировнинг ҳовлисига яширинган. Ўша одамлар орқали бизга хабар қилгач, бориб олиб келганмиз», — дейди марҳуманинг онаси Раъно Собирова.
Қариндошлар Нодирага эридан ажрашишни маслаҳат беришган, бироқ у аҳвол яхшиланишидан умид қилган.
«Сенинг ўлиминг мени қўлимда деб қўрқитар экан. Шундаям яшайсанми десам, болалари борлигини, эри бу гапларни аччиқ устида айтиб кейин кечирим сўрашини айтарди. У ўзини шундай овутиб яшади. Чунки ота-онасини қийнагиси келмади», дейди аммаси.
Айни пайтда иш Сенат раиси назоратига олинган. Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига қаттиқ киришилган бир вақтда бу ҳолат адолатли ечим топишидан умидвормиз.
Журналист — Гулмира Тошниёзова,
Тасвирчи — Абдуқодир Тўлқинов, монтажчи — Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
19:16 / 31.10.2024
Бекободда ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этди
18:05 / 25.10.2024
“Барчаси ота-онамнинг қўллови туфайли”: Microsoft элчисига айланган ўзбек қизи
18:26 / 16.09.2024
ИИБнинг шармандали “резултат”и ҳамда “ясалган” жиноят: хаста ва ҳимоясиз аёл қамоққа ташланди
15:31 / 08.09.2024