2 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар
Янги тайинловлар, метан газ нархини оширган шохобчага чора, Бекободдаги воқеа бўйича очилган жиноят иши, уй қамоғидаги шахсларни электрон браслет орқали назорат қилиш— кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.
Тайинловлар
Искандар Қутбиддинов — Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.
Рустам Ғофуров — Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳокими этиб тайинланди.
Ҳусан Тўхтаев — Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари тайинланди.
Дурдона Раҳимова — Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари тайинланди.
Хитой Фарғонада электр энергиясини сақлаш тизимини қуради
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Хитойнинг Алекс Ван бошчилигидаги China Gezhouba Group Overseas Investment Co. Ltd компанияси делегациясини қабул қилди.
Ушбу компания дастлабки баҳолаш бўйича жами 144 млн доллар миқдоридаги тўғридан тўғри хорижий инвестициялар киритиш ҳисобига Ўзбекистон туманида қуввати 150 МW (300 МWh) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришмоқда.
КУН ФОТОСИ
Наманган вилоятидаги Ахсикент тарихий масканида Қорахонийлар даврига мансуб турар жой иншоотлари топилди. Иншоотлар ўзига хос қурилиш услубига эга бўлиб, асосан синчли уйлар хом ва пишиқ ғиштлар билан қурилган.
Аҳоли турар жойларида ошхона, ювиниш хонаси, иситиш сандаллари, супалари ва махсус хўжалик ўралари мавжуд бўлган. Аҳоли зич яшагани учун шаҳарда икки қаватли уйлар қурилган. Уйларнинг ертўла қисми асосан пишиқ ғиштдан қурилган ва озиқ овқат омборлари вазифасини ўтаган.
Автомобил импорти бўйича режалаштирилаётган янги чекловга изоҳ берилди
Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг тижорат мақсадида хориждан автомобил олиб кириши тақиқланиши кутиляпти. Янги автомобилларни фақат дилерлар томонидан олиб кирилиши тартибини тиклаш ҳам режа қилинган.
Техник тартибга солиш агентлигининг қайд этишича, автомобил импортёрлари транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжатини расмийлаштириш жараёнидан қочиб, бир турдаги транспорт воситасининг ҳар бирини бошқа жисмоний шахслар номига ўтказган ҳолда муомалага чиқариб, ички бозорда сотиб келяпти. Таклиф этилаётган ўзгариш кучга кирса, божхонада автомобилларни бошқа шахс номига ўтказиш тақиқланади. Натижада, хориждан Ўзбекистонга транспорт воситаларини фақат юридик шахслар олиб кира оладиган бўлади. Олиб киришдан олдин эса автомобилнинг турини маъқуллаш талаб этилади. Бунинг учун автомобилнинг Ўзбекистон шароитига мослиги текширилади.
Андижондаги метан заправка нархни сунъий оширгани учун газ таъминотидан узиб қўйилди
Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги метан заправка нархни асоссиз оширгани учун газ таъминотидан узиб қўйилди.
Ҳукумат қарори билан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи 2024 йил 1 июнгача бир куб метр учун 3 350 сўм қилиб белгиланганди. Бу талабга риоя қилмаган АГТКШларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган эди.
Биринчи чоракда давлат бюджети дефицити 19,8 трлн сўмдан ошди
Жорий йил январ ойида давлат бюджети тақчиллиги 5,7 трлн сўмни, февралда 7,2 трлн сўмни, мартда 6,8 трлн сўмни ташкил этган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим қилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ ойида давлат бюджети даромадлари – 16 трлн 159,9 млрд сўмни, харажатлари эса – 21 трлн 926,7 млрд сўмни ташкил этган. Бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ 5 трлн 766,8 млрд сўмга етган.
6 та вилоятда қор кўчиш хавфи эълон қилинди
3–8 апрел кунлари кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳарорати ўзгариши сабабли Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент ва Наманган вилоятларида қор кўчиш хавфи юзага келиши мумкинлиши эълон қилинди.
Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб, ҳалок бўлган аёл ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатилди
28 ёшли аёл турмуш ўртоғи томонидан муттасил руҳий ва жисмоний таҳқирлангани таъкидланмоқда.
«Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, марҳуманинг эрига нисбатан Жиноят Кодексининг 103-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура маълумотида.
Тошкентда йўловчи аёлга шилқимлик қилган ҳайдовчи 5 суткага қамалди
Тошкентда машинасига йўловчи сифатида чиққан аёлга шилқимлик қилган 30 ёшли ҳайдовчи 5 суткага қамалди. Судда ҳайдовчи тезлик ричагини алмаштираётганда қўли аёлнинг оёғига тегиб кетганини айтган.
Уй қамоғидаги шахсларни электрон браслет орқали назорат қилиш амалиёти жорий этилади
ИИВ уй қамоғидаги шахсларни электрон браслет орқали назорат қилиш кўзда тутилган қарор лойиҳасини эълон қилди. Ушбу амалиёт 2024 йилда босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.
Унинг дастурий таъминоти ишлаб чиқилган, республиканинг 14 та ҳудудида синовдан ўтказилиб, амалиётга жорий этишга тайёр ҳолатга келтирилган.
Мавзуга оид
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024