Жаҳон | 10:49 / 02.04.2024
7620
3 дақиқада ўқилади

Исроил парламенти «душман ОАВ»ни ёпиш ҳақидаги қонунни қабул қилди

Қабул қилинган қонун биринчи навбатда Қатар томонидан молиялаштириладиган Al Jazeera телеканалига қаратилган бўлиб, Нетаняҳу уни «ҲАМАСнинг карнайи» деб атаган.

Al Jazeera штаб-квартираси Фото: Karim Jaafar/AFP/Getty Images

Исроил парламенти (Кнессет) 1 апрел, душанба куни иккинчи ва учинчи, якуний ўқишда «Al Jazeera қонуни» деб номланган, мамлакатда «душман ОАВ»ни ёпишга рухсат берувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат айнан ушбу телеканалга қарши қаратилган.

71 депутат ёқлаб овоз берди, 10 нафар депутат қарши чиқди. Қонунга кўра, Исроил алоқа вазири, бош вазирнинг розилиги билан, агар у ҳақиқатда давлат хавфсизлигига зарар етказадиган бўлса, Исроилдан ва Исроил ҳудудида чет эл канали эфирини тўхтатишга буйруқ бериши мумкин. Бундан ташқари, Алоқа вазирлиги бундай оммавий ахборот воситаларининг офисларини ёпиш ва унинг веб-сайтини блоклаш ҳақида буйруқ бериши мумкин. 

Нетаняҳу Al Jazeera’ни ёпишга ваъда берган

Қонун лойиҳасини фаол равишда илгари сурган алоқа вазири Шломо Кари овоз беришдан кейин Қатар томонидан молиялаштириладиган Al Jazeera телеканалининг «яқин кунларда» ёпилишини ваъда қилиб, «Исроилда ҲАМАС карнайлари учун сўз эркинлиги бўлмаслиги»ни таъкидлади, деб ёзади The Times of Israel.

«Биз матбуот эркинлигидан Исроил ва ЦАҲАЛ аскарлари хавфсизлигига зиён етказиш учун фойдаланадиган, уруш пайтида терроризмни қўзғатаётганларга қарши самарали ва тезкор восита яратдик», - дея Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу қонуннинг қабул қилинишини изоҳлади. У «Al Jazeera’ни ёпиш учун зудлик билан чора кўриш»га ваъда берди, унинг сўзларига кўра, телеканал ходимлари «7 октябр қирғинида фаол иштирок этган». Бош вазир, шунингдек, телеканални «ҲАМАСнинг карнайи» деб атади. 

Оқ уй, агар Al Jazeera’ни ёпиш режалари ҳақидаги хабарлар тасдиқланса, бу «ташвишли факт» бўлишини билдирди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 32 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид