3 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар
Тошкент шаҳридаги тайинловлар, Амир Темур шоҳкўчасида кутилаётган ўзгаришлар, ташаббусли бюджетга қўшилаётган «Менинг боғим», масжидларда ўғрилик қилган шахсга ҳукм — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.
Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши сессиясида қатнашди
Сессияда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи ҳисобланган Шавкат Умурзоқов шаҳар ҳокими этиб тайинланди.
Ш.Умурзоқов 2023 йилнинг мартида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинганидан сўнг Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида иш бошлаганди.
Президент Ш.Мирзиёев сессиясида оғир халқаро вазият ҳақида гапириб ўтди. Давлат раҳбари сўзининг аввалида мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимиз, Яқин Шарқдаги ва асосий ҳамкорларимиз ўртасидаги можаролар ечим топмаётгани, шу жумладан Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётганини қайд этган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида яна бир тайинлов амалга оширилди. Шаҳноза Султонова Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
КУН ИҚТИБОСИ
«Шундай вақтлар бўлдики, педагогликка эътибор сусайиб кетди. Ҳозир бу шарафли касбнинг нуфузини тиклаш, уларни моддий рағбатлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Янги Тошкент шаҳри қурилишини ҳам Педагогика университети биносига пойдевор қўйишдан бошламоқчимиз. Чунки янги Ўзбекистоннинг биринчи замини — ўқитувчилар. Шунинг учун улар доим ўз устида ишлаши, билим ва услубларини ривожлантириб бориши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи айрим тадбиркорларга субсидия берилади
Юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш ҳамда уларни экспорт қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан жами 1,5 трлн сўмгача бўлган миқдорда кредит ресурслари йўналтирилади.
«Менинг боғим» лойиҳасини молиялаштириш тартиби тасдиқланди
Қонунчиликка асосан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда Республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.
«Яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш бўйича ер майдони манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда, қиймати 250 млн сўмдан ошмаган ташаббус билдирилади. «Менинг боғим» лойиҳаларига овоз бериш жараёни ҳар йили январ-феврал ойларида ўтказилади.
КУН РАҚАМИ
Ўзбекистонда 2024 йилнинг уч ойида 4562 жиноят фош этилди ҳамда қидирувда бўлган 1265 нафар шахс ушланди.
Пойтахтнинг Амир Темур шоҳкўчасидаги давлат идоралари бинолари бизнес лойиҳаларига берилади
Президент шоҳкўчадаги 8 та давлат идорасининг эски биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офис ва ерости автотураргоҳига эга меҳмонхоналар қуриш учун тадбиркорларга беришни таклиф этди.
Президентга кўра, Юнусобод пойтахтнинг энг қулай қисмида жойлашгани сабабли бу ерда кредит олмасдан, ўз сармоясини киритиб, иш ўрни яратишга интилаётган ташаббускорлар жуда кўп. Лекин уларни энг қийнайдиган масала — туманда бўш жой топиш бўлиб турибди.
«Амир Темур шоҳкўчаси сўнгги 7 йилда тадбиркорлар учун энг жозибадор кўчага, ҳудуднинг ўсиш нуқтасига айланди. Лекин кўчанинг 6 километр қисмида эскирган қиёфадаги 3–4 қаватли 8 та давлат идоралари жойлашган», — деган президент.
КУН ФАКТИ
Осиё тараққиёт банки иштирокида «Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш» лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 86 та туманда, 770 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 272 та маҳалладаги 841 километр йўллар цемент-бетон қоплама билан янгидан қурилади. Бунга Осиё тараққиёт банкининг 240 млн долларлик қарз маблағи йўналтирилади.
Ўзбекистонга 2024 йилнинг дастлабки икки ойида қанча электромобил импорт қилингани айтилди
2024 йилнинг январ-феврал ойларида хорижий давлатлардан қиймати 85,7 млн АҚШ долларига тенг 3502 та электромобил импорт қилинган.
Ўзбекистонда 10 ёш ва ундан катталар орасида телефон ишлатадиганлар улуши ошган
Статистика агентлигига кўра, аҳолининг бундай улуши айни вақтда 99,1 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2021 йилда – 95,7 фоизни, 2022 йилда – 97,8 фоизни ташкил этган. 2023 йилда 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган мобил телефонлар сони ўртача 349 тани ташкил этган.
Тошкентдаги масжидларда ўғирлик қилиб юрган шахс 6 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан масжидларда ўғирлик қилиб юрган фуқарога нисбатан суд иши кўриб чиқилди ва судланувчи И.О.га 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Андижонда ўзини банк ходими деб таништириб, фирибгарлик қилган шахс ушланди
Муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган шахс бошқа бир фуқарога ўзини гўёки ТИФ «Миллий банк» Андижон вилояти филиали ходими деб таништириб, ушбу банкда юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 50 млн сўм эвазига 500 млн сўм ипотека кредити ажратиб беришини айтиб, ушбу пуллар ҳисобидан 2500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
SMS орқали сохта ҳавола жўнатиб, ўзганинг пулини ўзлаштирган шахс ушланди
Сўх туманида яшовчи 27 ёшли Н.Р. ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидан 2 720 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.
Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни шу туманда яшовчи, муқаддам судланган 24 ёшли Э.М. содир этгани аниқланган.
Э.М. жабрланувчи Н.Р.га SMS-хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали шахсий маълумотларини қўлга киритиб, унинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган ва 2 млн 720 минг сўмни ўзининг пластик картасига ўтказиб олган.
Мавзуга оид
16:43 / 27.12.2024
«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилишига старт берилди
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024