Жаҳон | 08:40 / 03.04.2024
4119
3 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда диссидент Александр Скобов қўлга олинди

Александр Скобов ҳуқуқ ҳимоячиси Рибаковнинг хонадонида ушланган. Қайд этилишича, у «террорчилик фаолиятига кўмаклашиш»да айбланмоқда.

Александр Скобов Фото: Ижтимоий тармоқлар

Публицист, совет диссиденти Александр Скобов Санкт-Петербургда, ҳуқуқ ҳимоячиси Юлий Рибаков ва у билан бирга бўлган рафиқаси Екатерина Молоствованинг квартирасида қўлга олинди. Бу ҳақда 3 апрел, чоршанбага ўтар кечаси инсон ҳуқуқлари бўйича «ОВД-Инфо» лойиҳаси, шунингдек, Молоствованинг ўзи хабар берди.

Журналист Сергей Ковалченко томонидан бошқариладиган «Занимательная конспирология» Telegram-канали ва «Фонтанка» интернет-нашрига кўра, Скобов «террорчилик фаолиятига кўмаклашиш»да айбланмоқда. 

2024 йил 22 мартда Россия ҳукумати Александр Скобовга «чет эл агенти» мақомини берди. «Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, у давлат органлари қарорлари тўғрисида «ёлғон маълумот тарқатган», урушга қарши чиққан, «Россия Федерациясини террористик ташкилот деб ҳисоблаган», «номақбул ташкилот» фаолиятида иштирок этган, «чет эл агенти материалларини» тузган ва тарқатган», деб эслатади «ОВД -Инфо». 

Айни пайтда, Юлий Рибаков «Фонтанка» интернет-нашрига терговчи ва унга ҳамроҳ бўлган ИИВ ходимлари 66 ёшли Скобовга қандли диабетга қарши муҳим дори-дармонларни ўзи билан олиб кетишга рухсат бермаганини айтди. Рибаковнинг сўзларига кўра, «Скобов «Крокус»даги теракт ҳақида ҳеч нарса ёзмаган, лекин Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўп фикр билдирган». 

DW маълум қилишича, Скобовнинг ўзи қўнғироқ чалинганида хавфсизлик кучлари учун эшикни очган, эҳтимол итларни сайр қилдириш учун чиққан уй эгаси қайтиб келди, деб ўйлаган.

СССР ва РФда Александр Скобовнинг таъқиб қилиниши 

1978 йилда Александр Скобов «Чап мухолифат» гуруҳи ва ҳукуматга қарши журнал фаолиятида фаол иштирок этгани учун ҳибсга олинган. Кейинчалик, суд ҳукми билан у психиатрия шифохонасига ётқизилган ва у ердан 1987 йилнинг ёзида озод қилинган.

«Окна» лойиҳасига кўра, айни пайтда Россияда Александр Скобовга нисбатан «номақбул ташкилот» – озод Россия форуми фаолиятида иштирок этгани учун маъмурий иш юритилмоқда. 

Мавзуга оид