Жаҳон | 13:34 / 07.04.2024
28967
10 дақиқада ўқилади

Оренбург областини сув босиши давом этмоқда. Сўнгги маълумотлар

Орскда тошқин туфайли тўғонлар бузилиб кетган. Сув босган ҳудудлар кенгаймоқда, минглаб одамлар эвакуация қилинмоқда. Сув област маркази Оренбургга ҳам етиб борган ва одамларни хавфсиз жойларга кўчириш бошланган. Қурбонлар бор.

Фото: Sputnik / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA

Қарийб 200 минг киши яшайдиган ва Оренбург областидаги иккинчи йирик шаҳар ҳисобланган Орскни Урал дарёсидан тошиб чиққан сув босиши давом этмоқда, расмийлар маълум қилишича, дарёдаги сув сатҳи метеокузатувлар тарихидаги энг юқори даражага кўтарилган. Тўғонлар сув босимига дош бера олмаган. Сув босган шаҳарда сиреналар овози янграмоқда ва оммавий эвакуация давом этмоқда.

Ҳозирга келиб расмий рақамлар қуйидагича кўриниш олган — шаҳарда 2450 уйни ҳамда 3285 та томорқа ерларини сув босган, Орскда Россия ФФВнинг 700 дан ортиқ қутқарувчиси ишламоқда. Эвакуация қилинганлар сони бўйича якшанба кунги маълумотлар ҳали эълон қилинмади, бир кун олдин расмийлар 2 минг киши хавфсиз жойларга кўчирилгани ҳақида хабар берганди. Икки модда бўйича жиноий иш очилган — қурилиш ишларида хавфсизлик қоидаларини бузиш ва совуққонлик қилиш бўйича.

«Сув даҳшатли куч билан яқинлашмоқда»

Orsk.ru портал шаҳарни сув босиши фотохроникасини олиб бормоқда — якшанба тонгида Гагарин майдони шундай кўринишда

Уралнинг чап соҳилида шанба куниёқ сув темирйўл вокзалига кириб келганди, ундан олдинроқ Вокзал шоссесидаги трамвай релсларини ювиб кетганди.

«6-микрорайон аҳолиси Крайней кўчасидан вокзалга қадар зудлик билан вақтинча жойлаштириш пунктларига эвакуация қилиниши керак. Эвакуация автобуслари Крайней кўчасидаги „Пятерочка“ дўкони олдида кутади», — дейилади Орск мэрияси эълонида.

Маҳаллий телеграм-каналлар ҳам шундай огоҳлантиришлар берилган: «6- микрорайон. Сув тезлик билан кўтарилмоқда», «6- микрорайон айни дамда! Крайней кўчасини сув босди, кўп квартираларга қараб кетмоқда!», «Орскнинг 6-микрорайони. Сув даҳшатли куч билан яқинлашмоқда!»

10 йилдан кўпроқ вақт олдин Орскда Уралнинг икки соҳилига яқин ҳудудларда соҳил тўғонлари қурилганди. Бундай тўғонлар тупроқ ва тошдан бунёд этилади. Уларнинг вазифаси баҳорги тошқинлар чоғида турар жойлар ҳудудига сув келишининг олдини олиш ҳисобланади.

Бу йилда сув тошқини кучлироқ бўлиб чиқди. Шу туфайли оқимнинг юқори қисмидаги ГЭСда Ириклинский сув омборидан кўпроқ сув чиқаришга тўғри келди. Тўғонлар эса рекорд даражадаги сув босимига дош беролмади.

Жума куни Уралнинг чап соҳилида илк тўғон бузилиши рўй берди ва Эски шаҳарни сув босиши бошлади. Бу ҳудуд асосан коттежлардан иборат ва шанба куни кундузи катта майдон жигарранг сув билан қопланди.

Бир кун ичида Орскда сув босган ҳудуд бир неча бор кенгайди. Якшанба тонгида яна учта кўча аҳолиси эвакуацияси эълон қилинди, сув босган микрорайонлар эса электр ва газдан узилди.

Чап соҳил ортидан ўнг соҳил ҳам

Шанба куни Эски шаҳардан ўнг соҳилдаги Янги шаҳарга кўчирилганди, бу ҳудудда кўп қаватли турар жой бинолари ва турли корхоналар жойлашган. Шанба куни кечқурун сув бу ерга ҳам етиб келди.

Биринчидан, Гагарин майдонини сув босди, у шаҳар автовокзали олдида жойлашган, қутқарувчилар ва махсус техникалар эвакуация қилинган одамларни дарё орқали шу ерга келтираётган, одамлар бу ердан автобусларда қариндошлариникига ёки вақтинча жойлаштириш марказларига йўл олиши мумкин эди. Эндиликда эвакуация марказини тошқин дарё соҳилидан янада узоқроққа кўчиришга тўғри келган.

Сув автовокзал ҳудудидан марказий Строителей кўчаси бўйлаб ҳаракатланди ва кўп квартирали уйлар жойлашган қўшни кўчаларга тарқалди. Тунда сув уйларнинг подъездларига кириб келди. Одамлар тизза бўйи сув кечиб уйларини тарк этмоқда. «Строителей кўчасидаги вазият ёмонлашгандан ёмонлашмоқда. Ток ўчирилган», — дея вазиятни тасвирлайди Orsk.ru портали.

Тонгдаёқ Гагарин майдонида аллақачон қайиқлар сузаётганди, кўп қаватли уйларнинг ҳовлилари сув билан тўлганди. Шу билан бирга, автовокзални сув босмаган.

Иккинчидан, шанба куни кечқурун Никел ишчилар посёлкаси сув остида қола бошлаган — у шаҳарнинг ўнг соҳилдаги қисми чеккасида жойлашган. ФВВ ушбу ҳудудда иккинчи тўғон бузилганини тасдиқлаган.

Гувоҳлар уйларга сув тез суръатларда яқинлашиб келаётгани акс этган кадрларни эълон қилган. Кўчаларга фавқулодда эвакуация амалга ошириш учун қутқарувчиларнинг техникалари келтирилган, атрофни сирена овозлари тўлдирган. Полиция машиналари овозкучайтиргичлар билан ҳудудни айланмоқда. «15-20 дақиқа ўтгач йўлни сув босади», — дейди видеолардан бирида маҳаллий аҳоли вакили.

«Ёрилиш рўй берди — Богрисоглебский районидаги кўчаларга сув тошиб чиқди. Ва сув тезлик билан шаҳарнинг ушбу қисмига бостириб келмоқда, — деган журналистларга Орск мэри Василий Козупица. — Кеча сув тезда кириб келиши эвакуация жараёнини қийинлаштирган Эски шаҳарда олинган аччиқ сабоқдан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида эвакуация ишлари амалга оширилди».

Орскнинг Эски шаҳар қисми — бу ҳудудда асосан хусусий сектор жойлашган
Фото: YEGOR ALEYEV/TASS

Аммо Никел посёлкасида яшовчиларнинг барчаси ҳам кетишга розилик бермаган. «Биз учинчи қаватда турамиз — нима учун эвакуация бўлишимиз керак? — дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Orsk.ru мухбирига. — Биз сув ва егуликни ғамлаб олдик. Қўрқмаймиз».

«Бу вазият 1957 йилни такрорламоқда. Ўшанда сув тошқини бўлган ва Никел [посёлкаси] сув остида қолган. Фақат ўшанда тўғонлар бўлмаган. Ҳозир ҳам барчаси шундай сценарийда кечямоқда. Аммо [Никелчилар] проспекти сув остида қолмаса керак: сув чапдан, жарлик орқали кўлга кетиши мумкин», — деган «Оренбург Медиа» нашрига қутқарувчиларга ёрдамлашаётган маҳаллий аҳоли вакили Алексей.

Янги сиреналар овози эшитилгач, қутқарувчилар кўнгиллилардан ўз машиналарини олиб кетишни сўраган, чунки Никелчилар проспекти ҳам сув босган ҳудудга айланган. «Посёлка бир кечада сув остида қолди», — дея ёзади нашр.

Фавқулодда хизматлар РИА Новостига хабар беришича, Орскнинг сув босган ҳудудида уч кишининг жасади топилган. 

7 апрел тонгида маҳаллий расмийлар воқеаларнинг «энг ёмон сценарийси»да ҳудудда 6644 та турар жой сув остида қолиши мумкинлигини билдирди.

Орскда аҳолини эвакуация қилиш жараёни, 2024 йил 6 апрел
Russian Ministry of Emergency / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Оренбургда ҳам вазият ёмонлаша бошлаган

Област расмийлари сув оқимини «барқарор» деб айтаётганди, аммо 6 апрел куни кечқурун Оренбург шаҳридаги автомобиллар ҳаракати чекланди ва Уралская кўчасида тўсиқлар ўрнатилди. Бундан ташқари, Овчинний микрорайонидаги бир неча кўчалардаги уйлар электр таъминотидан узилди.

7 апрел тонгида шаҳар маъмурияти Оренбург ҳудудида Урал суви яна 28 сантиметрга кўтарилганини маълум қилди. Маҳаллий «Урал56» нашри қайд этишича, сув сатҳи 856 сантиметрга етган, 930 сантиметрлик даража хавфли ҳисобланади.

Шаҳар ҳудудида 1347 та уйга сув кириб келган, 428 киши, жумладан 27 бола эвакуация қилинган. Кейинроқ расмийлар Оренбургда 403 та турар жой сув остида қолгани, 889 киши эвакуация қилингани, шундан 229 нафари болалар эканини маълум қилди.

Ҳукумат Оренбург шаҳри ва хавф юқори бўлган қишлоқлар аҳолисига «вазият ёмонлашишини кутмасдан» ўз уйларини тарк этишга чақирган. Шаҳар раҳбари Сергей Салмин аввалроқ хавфли ҳудудлардаги уйларини ўз ихтиёри билан тарк этмаганлар мажбуран эвакуация қилиниши ҳақида огоҳлантирганди.

Оренбург области раҳбари Денис Паслер 7 апрел тонгида ўтган кун давомида Ириклинский сув омборига сувнинг умумий оқими камайгани ва ҳозирги вазият сониясига сув ташлаш ҳажмини 500 куб метрга камайтириб — 1670 куб метргача туширишга имкон беришини айтганди. Аммо маъмурият сув тошқини билан боғлиқ жараёнлар «ҳозирча суръатни пасайтирмаётгани»ни таъкидлаган. Губернатор Денис Паслер 2024 йилги сув тошқинини Оренбург областидаги кузатувлар тарихидаги энг йириги деб атаган.

«Икки-уч кундан кейин пасайиш қачон кутилишини айтиш мумкин бўлади», — дея қўшимча қилган губернатор.

Орск мэри шанба куни Уралдаги сув сатҳи фақат икки-уч ҳафтадан кейин пасая бошлаши мумкинлигини айтганди.

Орск аҳолиси эвакуация қилиниши
Sergey Niikiforov / Sputnik / Scanpix / LETA

Кремл ҳам Оренбург областидаги вазиятга эътибор қаратди

Шанба куни Россия президенти Владимир Путин ФХХ раҳбари Александр Куренковга «барча зарур ишларни воқеа жойида ташкиллаштириш» учун зудлик билан шу ерга учишга топшириқ берган. Якшанба куни Куренков Орск етиб келган.

Куренков энг оғир вазият Орск шаҳрининг Ленин райони ва Эски шаҳар ҳудудида кузатилаётганини айтган. У ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун куч ва воситалар «етарли» эканини таъкидлаган.

Қўшни Курган области ҳам хавф остида қолмоқда. Регион раҳбари Вадим Шумков 6 апрел куни кечқурун «қўшниларда сув оқими ортиши туфайли» тошқин бўйича прогноз кескин ёмонлашганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, Курган ҳудудида дарё сатҳи 1994 йилдаги каби тўққиз метрга кўтарилиши кутилмоқда. Шумков ўз хабарида сув остида қолиши мумкин бўлган аҳоли яшаш манзилларини санаган.

Маҳаллий телеграм-каналлар бундай Урални олдин кўришмаганини ёзишган (фотода — Эски шаҳардаги сектор, бу ҳудуд шанбага ўтар кечаси сув остида қола бошлаганди)
Фото: YEGOR ALEYEV/TASS

Мавзуга оид