«МЮ» «Ливерпул»ни яна ранжитди. АПЛда пойга қизигандан қизимоқда
Энди чемпионликни тўплар нисбати ҳал қилиши мумкин. Бунақаси олдин ҳам бир марта бўлган.
«Олд Траффорд»даги 2:2 ҳисобидан кейин «Арсенал» биринчи ўринда қолди
«Манчестер Юнайтед» — «Ливерпул» 2:2
Голлар: Фернандеш (50), Майну (67) — Диас (23), Салоҳ (84, пеналти).
Манчестер Юнайтед – Онана, Далот, Магуайр, Камбвала, Уан-Биссака, Каземиро, Фернандеш, Майну (Маунт, 84), Гарначо (Амрабат, 79), Рэшфорд (Антони, 66), Ҳойлунд.
Ливерпул – Келлеҳер, Брэдли (Гомес, 66), ван Дейк, Куанса, Робертсон, Эндо (Эллиотт, 69), Собослаи (Жонс, 66), Мак Аллистер, Салоҳ, Диас, Нунес (Гакпо, 68).
Огоҳлантиришлар: Брэдли (7), Камбвала (74), Онана (80), Жонс (89), Маунт (90+3), Антони (90+4), Каземиро (90+7).
Уч ҳафта муқаддам «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпул» «Олд Траффорд»да мавсумнинг энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этиб берганди — мезбонлар Англия кубоги чоракфиналида қўшимча бўлимларда 4:3 ҳисобидаги ғалабага эришган ва қизилларни мавсумда ўзи иштирок этаётган барча турнирларда ғолиб бўлиб, квадруплни нишонлаш умидидан маҳрум этганди. Энди «Юнайтед»да чемпионлик пойгасида иштирок этаётган Юрген Клопп жамоасининг оёғидан чалиб қолиш имконияти пайдо бўлди — «МЮ» муваффақият қозонган тақдирда, «Арсенал» яккапешқадамга айланиб олиши мумкин эди.
Катта эҳтимол билан, бу жамоа учун яхшигина мотивация эди. Нима бўлганда ҳам «Ливерпул» — жамоанинг азалдан асосий ва ашаддий рақиби саналади. «Манчестер Сити»га араб шайхлари пуллари эвазига сўнгги йилларда шовқин кўтарган қўшнилар сифатида қаралади. «Ливерпул»нинг попугини пасайтириб қўйиш»ни эса ўз вақтида сэр Алекс Фергюсон ўз фаолиятидаги асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаб олганди. Ва буюк шотланд бунга эришганди — унинг давридаги ғалабалар эвазига ҳозирга келиб чемпионлик титуллари бўйича ғолиблик «МЮ» фойдасига 20:19 кўринишини олган.
Аммо, бошқа томондан, «Юнайтед» даражасидаги клуб учун бу майдароқ мақсад. Эрик тен Ҳаг жамоаси асосий рақобатчилари «Астон Вилла» ва «Тоттенҳэм» мунтазам равишда очко йўқотгани туфайли кучли топ-4 учун курашга қўшилиш имкониятига эга бўлганди, аммо «Брентфорд» (1:1) ва «Челси» (3:4) билан ўйинлардан кейин вазифа қийинлашиб кетди. Бу учрашувларда «МЮ» қўшимча дақиқаларда ғалабани қўлдан бой бергани айниқса оғриқли бўлди — «асаларилар» 90+9-дақиқада ҳисобни тенглаштирди, кўклар — 90+10- ва 90+11-дақиқаларда ғалабани илиб кетишди. Агар «Брентфорд» билан ўйин мантиқий ҳисобда якунланган бўлса («МЮ» бутун ўйин давомида суст ҳаракат қилганди), «Стэмфорд Бриж»даги ўйинда йўқ жойдан голлар ўтказилди.
32-турнинг марказий учрашувида эса «МЮ»да ҳимоя марказига тушириш учун футболчи қолмаганди. «Брентфорд»га қарши ўйинда Мартинес ва Линделёф жароҳат олганди, «Челси» билан ўйинда Рафаэл Варан ва Жонни Эванс ҳам сафдан чиқди, Шоу эса анча вақтдан буён ўйнамаяпти. Натижада «Ливерпул»га қарши ўйинда мудофаа марказида Ҳарри Магуайр ва Вилли Камбвала ўйнади, 19 ёшли ҳимоячи АПЛ ўйинида илк бор бошланғич таркибда майдонга тушди.
«Ливерпул»га қарши ўйин стартида икки хил ҳиссиёт бор эди: 1) мухлислар март ойидаги телбавор ўйиннинг давомига гувоҳ бўлишади; 2) «МЮ» ўтган ҳафтадаги муваффақиятсизликлардан кейин ғазаб отига минган ва рақибни янчиб ташлаш учун майдонга тушган. Ўйин суръати юқори эди, икки томон ҳам тўхтовсиз ҳужум қилди — ўйиннинг бошланғич қисми кўп нарса ваъда қиларди. Илк 10 дақиқаликда «МЮ» муносиб ўйнади ва рақибдан қолишмади, аммо кўп ўтмай «Ливерпул» аниқроқ ҳаракат қилаётгани ойдинлашди — 3-дақиқадаёқ Андре Онана Доминик Собослаи билан яккама-якка вазиятда қутқаришига тўғри келди, Салоҳ ва Нунеснинг зарбалари устун ёнидан ўтиб кетди. 20-дақиқага келиб зарбалар нисбати меҳмонлар фойдасига 5-0 эди, танаффусга қадар — 15-0 кўринишига келди.
Бу зарбалардан кўп қисми ҳимоячилар томонидан тўсилди. Вилли Камбвала бир неча бор Дарвин Нунесни тўхтатиб қолди, вазиятлардан бирида эса хавфли ташланиш билан тўпни Луис Диасдан олиб қўйди, натижада колумбиялик ҳужумчи маълум вақт газонда ётди.
Магуайр — Камбвала жуфтлиги тен Ҳаг бу мавсумда фойдаланган 12-марказий ҳимоячилар комбинацияси бўлди. Агар бутун ҳимоя чизиғи ҳисобланса, бу 26-хилдаги кўриниш. Ва бу «МЮ»нинг бу мавсумдаги беқарор ўйини сабабларидан бири.
«Ливерпул» барибир зарбалар бўйича ўз устунлигини голга айлантирди — бурчак зарбасидан кейин Нунес олис устун яқинида бўш қолган Диасни тўп билан таъминлади.
Стартдаги қарама-қарши курсларда кечган ўйиндан асар ҳам қолмади. Мезбонлар умуман ҳужум уюштирмай қўйишди, меҳмонлар эса барчасини танаффусга қадар ҳал этиш учун етарлича имкониятларга эга бўлишди. Улар осонлик билан зарба бериш позициясига чиқарди, аммо шу қадар осонлик билан вазиятларни кўкка совурарди. Бу эса Клоппнинг қаттиқ жаҳлини чиқарди — у жарима майдони марказида туриб дарвоза тўсини юқорисига тепган Салоҳга очиқ эътироз билдирди.
«Ливерпул» иккинчи бўлимни ҳам фаоллик билан бошлади ва бир қанча хавфли вазиятлар яратди. Кейин эса ақл бовар қилмас ҳодиса рўй берди ва ўйин ўзгариб кетди.
«Ливерпул»нинг ёш ҳимоячиси Куанса оддий вазиятда ўнг қанотдан майдон марказига қарата ерлатиб пас беришда хато қилди. Тўпга биринчи бўлиб Бруну Фернандеш етиб келди ва пайсалга солмасдан дарвозага зарба йўллади. Португалиялик яримҳимоячининг зарбаси идеал чиқди ва дарвозабон устидан ошиб тўрга бориб тушди. Келлеҳер эса жарима майдони ташқарисида тургани ва қизил карточка олиши мумкинлигига қарамай тўпга қўл чўзиб етишга ҳаракат қилди.
Бу гол «МЮ»га ишонч бағишлади ва ўйинда хаотик вазиятни юзага келтирди — ҳозирги «Юнайтед» шундай ўйнашни ёқтиради.
Кўп ўтмай яна бир чиройли гол урилди — Кобби Майну чап қанотдан жарима майдонига кириб, олис «тўққиз»ликни аниқ нишонга олди.
Лекин ўйин охирида «Ливерпул» босимни кучайтириш эвазига барибир ҳисобни тенглаштира олди. Ван-Биссака кераксиз вазиятда жарима майдони ичида Эллиоттга подкат ташлади, аммо тўпга ета олмади. Видеотакрорда «Ливерпул» яримҳимоячиси ҳам айёрлик ишлатганини кўриш мумкин, аммо ҳакам бу эпизодни пеналти деб топди.
VAR аралашмади, бу мавсумда «Брентфорд» ва «Нюкасл» дарвозасига 11 метрдан зарба беришда хато қилган Салоҳ бу сафар бенуқсон ҳаракат қилди – 2:2.
Ўйиннинг сўнгги дақиқалари биринчи бўлим охиридаги каби кечди — икки томон ҳам бошқа хато қилмасликка ҳаракат қилди. Сўнгги ҳаракат эса Эллиотнинг Онанага қийинчилик туғдирмаган зарбаси бўлди.
Бу ўйин ҳам уч ҳафта олдингиси каби томошабоп кечди ва якун ҳам «Ливерпул» учун кўнгилсиз бўлди. Дуранг туфайли қизиллар етакчиликни бой беришди — Клопп жамоасида ҳам «Арсенал»даги каби очко бор (71 тадан), аммо тўплар нисбати ёмонроқ — «+42» га қарши «канонирлар»да «+51». Учинчи ўриндаги «Сити»да — 70 очко ва тўплар нисбати «+40».
Лондонликлар феврал ва мартни кучли ўтказишди – АПЛдаги 11 ўйинда 10 ғалаба ва «Сити» билан голсиз дуранг, жами тўплар нисбати 38:4. Чемпионат стартида жамоа голлар нисбати бўйича ёки ортда қолаётган, ёки «Сити» ва «Ливерпул» билан бир хил даражада кетаётганди.
«Арсенал» 20-турдан кейин вазиятни яхшилай бошлади, ўшанда бир ой ичида «Кристал Пэлас» (5:0), «Вест Ҳэм» (6:0) ва «Бёрнли» (5:0) каби жамоалар йирик ҳисобда тор-мор этилди. Рақиблар эса бу вақт оралиғидаги ўйинларда камтарона ғалабаларга эришганди.
Жамоалар мавсум охиригача яна 7 тадан ўйин ўтказади, тақвим нисбатан «Арсенал»да қийинроқ, аммо энди барчаси жамоанинг ўз қўлида, агар барча ўйинларда ғалаба қозонилса, рақибларининг натижаларидан қатъи назар чемпионликка эришиш эҳтимоли юқори бўлади – «Ливерпул» қолган ўйинларда тўплар нисбатидаги бу қадар катта фарқни йўққа чиқариши амалда имконсиз.
АПЛда бунгача ҳам тўққиз марта чемпион номи мавсумнинг охирги турида аниқ бўлганди (охиргиси 2022 йилда). Аммо фақат бир марта барчаси голлар нисбатига боғлиқ бўлган – 2011/12 йиллар мавсумида «МЮ»нинг «Сити» билан пойгасида. Икки жамоа ҳам 86 очкодан тўплаган, аммо «Сити» қўшниларини тўплар нисбати эвазига ортда қолдирган (+56 га қарши +64 ). Барчаси сўнгги ўйинларда ҳал бўлган: «Манчестер Сити» – «КПР» ва «Сандерленд» – «Манчестер Юнайтед».
Ўйини эртароқ якунланган «Юнайтед» зерикарли ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз вазифасини бажарган, «Сити» эса лигада қолиш учун курашаётган «Куинз Парк Рейнжерс» билан шиддатли баҳс олиб борган ва 90-дақиқагача 1:2 ҳисобида ортда борган. Бу вақтгача рақиб дарвозасига 44 бор зарба берилган, 19 бор бурчак зарбаси ижро этилган, аммо бундан наф бўлмаган.
Кейин эса мўъжиза рўй берган – параллел учрашувлардаги натижалар туфайли рақиб бўшашган, Эдин Жеко ва Серхио Агуэро 100 сониядан камроқ вақт ичида иккита гол уриб, чемпионликни таъминлашган.
Мавзуга оид
12:33 / 23.12.2024
Ҳусановнинг «ўғирланган» голи ва Лондонда теннисча ҳисоб. Кун ўйинлари
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024