Жаҳон | 10:37 / 08.04.2024
4722
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу: Исроил ҲАМАСнинг 24 баталёнидан 19 тасини йўқ қилди

Бинямин Нетаняҳунинг айтишича, ҲАМАСни йўқ қилиш Ғазо сектори «Исроилга таҳдид уйғотиши тўхтатилгунча» давом этади. 

Фото: XinHua / Global Look Press

Ғазо секторидаги олти ойлик жанглар давомида Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ҲАМАС ҳаракатининг 24 та баталёнидан 19 тасини йўқ қилди. Бу ҳақда 7 апрел, якшанба куни Исроил делегациясининг Қоҳирада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда иштирок этиши муҳокама қилинган вазирлар маҳкамаси йиғилишида бош вазир Бинямин Нетаняҳу айтиб ўтди. 

«Бизнинг ютуқларимиз катта: биз 24 та ҲАМАС баталёнидан 19 тасини, жумладан, юқори мартабали қўмондонларни йўқ қилдик. Ҳамасчиларнинг катта қисмини ўлдирдик, ярадор қилдик ёки асирга олдик. Ракета заводлари, қурол ва ўқ-дорилар омборларини вайрон қилдик», - дея бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради Ynet агентлиги. Нетаняҳунинг қўшимча қилишича, ЦАҲАЛ Ғазо сектори «Исроилга таҳдид уйғотиши тўхтатилгунча» ҲАМАСни йўқ қилишда давом этади. Бош вазир, шунингдек, ҲАМАС томонидан асирга олинган 133 нафар гаровга олинганлар қайтарилмасдан туриб, «ўт очишни тўхтатиш бўлмайди» деб ишора қилди. 

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан асирга олинган гаровга олинганларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликлар билан алмашиш бўйича сўнгги музокаралар 7 апрел куни Қоҳирада бошланди. Исроил ва ҲАМАС уларни воситачилар - АҚШ, Миср ва Қатар орқали олиб бормоқда. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид